Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Ўзбекистонда “5 миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси: инновация ва барқарор ривожланишнинг янги босқичи

03-12-2025 48

    2025 йил 28 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида сунъий интеллект соҳасини ривожлантиришга қаратилган форум бўлиб ўтди ва мамлакатимизда амалга оширилаётган рақамли трансформация жараёнлари, сунъий интеллектни жорий этиш ва ёшлар салоҳиятини ошириш билан боғлиқ устувор масалалар муҳокама қилинди. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётнинг улуши икки баробарга ошди, сунъий интеллект ва АТ технологияларига қарийб 2 млрд доллар инвестициялар жалб этилди. АТ хизматлари экспорти эса 4,5 баробар ўсиб, 1 миллиард долларга яқинлашди. Бу кўрсаткичлар мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсишида    cунъий интеллект имкониятлари стратегик аҳамият касб этаётганини англатади.    

    Сунъий интеллект технологияларининг амалиётга жорий этилиши соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам сезиларли самара бермоқда. Рақамли диагностика тизимларидан фойдаланиш натижасида 50 мингдан ортиқ беморга СИ ёрдамида аниқ ташхис қўйилган, Қорақалпоғистонда ўтказилган маммография текширувларининг 70 фоизи сунъий интеллект платформаси орқали таҳлил қилинган. Ташхис қўйиш вақти бир неча кундан икки соатгача қисқаргани тиббий хизмат сифати ошганини кўрсатади. Форумда энг муҳим янгилик сифатида “5 миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳасига расман старт берилди. Лойиҳа 2030 йилга қадар 4,75 млн ўқувчи ва талаба, 150 минг ўқитувчи ва 100 минг давлат хизматчиларини сунъий интеллект бўйича ўқитишни кўзда тутади. Мактаблар ўртасида ҳар йили СИ йўналишида танловлар ташкил қилиниб, ғолиблар учун энг замонавий лабораториялар барпо этилади. Шунингдек, иқтидорли ёшларни саралаш ва рағбатлантириш мақсадида “Сунъий интеллект бўйича Президент танлови” жорий этилади. Чекка ҳудудлардан тортиб, республика даражасигача ҳар йили 100 нафар энг иқтидорли ёшлар танлаб олиниб, АҚШ, БАА ва Европанинг илғор технологик компанияларига стажировкага юборилади. Бу инсон капитали ривожи ва юқори технологик билимларнинг мамлакатга қайтиб кириб келишига хизмат қилади. Ҳар йили ноябрь ойини “Ёшлар учун сунъий интеллект ойлиги” деб эълон қилиш таклиф этилгани, мамлакатда СИ технологияларини тарғиб қилиш ва ёшларнинг инновацион жараёнлардаги иштирокини кучайтиришга қаратилган муҳим ташаббусдир.

    Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар сунъий интеллект экотизимини барча соҳаларда жорий этиш, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, бу жараёнлар Барқарор ривожланиш мақсадлари — таълим, соғлиқ, иқтисодиёт, инновациялар ва халқаро ҳамкорлик тамойилларига тўлиқ мос ҳолда амалга оширилмоқда.