Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Ўзбекистон Президенти асарлари — Иордания миллий кутубхонаси хазинасида

21-11-2026 90

    Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигининг пойтахти Аммон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти    Шавкат Мирзиёевнинг    “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон”номли асари тақдимоти доирасида мамлакатимизнинг бой тарихий мероси, бугунги бунёдкорлик салоҳияти, кенг кўламли ислоҳотлари ва истиқболли тараққиёт йўлига бағишланган илмий-маърифий нашрлар Иорданиянинг нуфузли маданий муассасаларидан бири — Миллий кутубхонасида ҳам тақдим этилди.    

    Иордания Маданият вазирлиги Бош котиби доктор Нидал ал-Аҳмад кутиб олиб, Ўзбекистон делегацияси аъзолари, хусусан    Барқарор ривожланиш маркази    вакилларини кутубхона фаолияти, унинг бой китоб ва ҳужжатлар фонди, тарихий қўлёзмаларни сақлаш, миллий маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда илмий тадқиқотларни ахборот манбалари билан таъминлаш борасидаги ишлар билан таништирди.    

    Тадбир доирасида Янги Ўзбекистоннинг тарихий илдизлари, бугунги бунёдкорлик салоҳияти, миллий юксалиш суръатлари ва келажакка қаратилган стратегик мақсадларини акс эттирувчи, мамлакатимизда кечаётган туб ўзгаришлар ҳамда ўзига хос тараққиёт модели — “Янги Ўзбекистон феномени”нинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи араб тилидаги 9 та китоб ва китоб-альбом кенг жамоатчиликка тақдим этилди.    

    Мазкур нашрларни Иордания Маданият вазирлиги Бош котиби доктор Нидал ал-Аҳмад қабул қилиб олди. Улар орасида    «Шавкат Мирзиёев — жаҳон миқёсидаги давлат ва сиёсат арбоби» китоб-альбоми    алоҳида ўрин тутиб, унда Ўзбекистон Президентининг ички ва ташқи сиёсат борасидаги ташаббуслари, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг халқаро аҳамиятига хорижий давлатлар раҳбарлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари томонидан берилган юксак баҳо ва эътирофлар жамланган.    «Мустақиллик зафарномаси»    китоб-альбоми эса давлат мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган бўлиб, халқимизнинг истиқлол йилларида босиб ўтган мураккаб ва шарафли йўли, миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳамда Янги Ўзбекистон даврида эришилаётган тарихий ютуқларни ёрқин акс эттиради.

    Шунингдек,    «Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти»    бадиий-публицистик асари мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу стратегик мақсаднинг ғоявий асослари, устувор йўналишлари ва амалий натижаларини очиб беради. Унда Шавкат Мирзиёевнинг фалсафий қарашлари, ислоҳотчилик тафаккури ва мамлакат келажагига қаратилган стратегик ёндашувлари ёритилгани, шунингдек, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Муҳаммад Шаҳбоз Шарифнинг кириш сўзи ўрин олгани асарнинг халқаро аҳамиятини янада оширади.    “Янги Ўзбекистон: тинчлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик диёри”    китоб-альбоми эса мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини қарор топтириш, хорижий давлатлар билан очиқ, прагматик ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш борасидаги сиёсатнинг мазмун-моҳиятини очиб беради.    

    Умуман, ушбу нашрлар Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларидаги тараққиёт йўли, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, миллий қадриятлари ва жамият ҳаётидаги туб ўзгаришларни тарихий ҳужжатлар, таҳлилий материаллар ва ноёб фотосуратлар орқали яхлит тарзда намоён этади.

    Таъкидлаш жоизки, 1975 йилда ташкил этилган Иордания Миллий кутубхонаси мамлакатнинг китоблари, миллий ҳужжатлари, қадимий қўлёзмалари, даврий нашрлари ва тарихий манбаларини жамлаш, сақлаш ҳамда келажак авлодларга етказишга хизмат қилувчи муҳим давлат муассасасидир. У нафақат Иордания миллий маданий меросининг ишончли хазинаси, балки олимлар, тарихчилар, тадқиқотчилар, талабалар ва халқаро илмий ҳамжамият учун ҳам муҳим ахборот-маърифий марказ ҳисобланади.    

    

    Барқарор ривожланиш маркази

        матбуот хизмати