2026 йил 5 ноябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологиялари факультети талабалари билан “Ўзбекистон — миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик юрти: замонавий таҳдидларга қарши маънавий иммунитет” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. “Барқарор ривожланиш маркази” ННТ ҳамда Университетнинг “Ахборот тизимлари ва технологиялари” кафедраси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, жамиятда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, ёшларни турли ахборот таҳдидларидан ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда “Барқарор ривожланиш маркази” ННТ вакиллари Муслим Эргашбаев ва Алишер Азизов маърузалари билан иштирок этиб, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликнинг жамият барқарорлиги ҳамда мамлакат тараққиётидаги аҳамияти ҳақида фикр билдирдилар. Хусусан, БМТнинг 16-Барқарор ривожланиш мақсади доирасида тинчликсевар ва инклюзив жамиятни шакллантириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда турли миллат ва эътиқод вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Давра суҳбати давомида Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар ва диний бағрикенглик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг ҳуқуқий асослари ҳамда амалий натижалари юзасидан фикр алмашилди. Мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилиши, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти, шунингдек, турли тилларда таълим олиш имкониятлари жамиятда ҳамжиҳатликни таъминлашнинг муҳим омиллари сифатида қайд этилди.
Шунингдек, рақамли технологиялар ва ижтимоий тармоқлар таъсири ортиб бораётган шароитда ёшларнинг ахборот саводхонлигини ошириш, ёлғон маълумотлар ва манипуляцияларни аниқлаш, танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда турли мафкуравий таҳдидларга қарши маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.
Тадбир интерактив ва очиқ мулоқот шаклида ўтказилди. Талаба-ёшлар миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ахборот хавфсизлигига оид билимларини синовдан ўтказиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Шунингдек, мавзу юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилиб, ёшларнинг жамиятда тинчлик, ўзаро ҳурмат ва барқарор ривожланиш тамойилларини қарор топтиришдаги ўрни хусусида фикр алмашилди.