Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

“Ўзбекистон — 2030” стратегияси: фавқулодда вазиятлар ва иқлим хавфларининг олдини олиш масалалари

20-01-2026 68

    “Ўзбекистон — 2030” стратегияси мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, аҳоли ҳаёти ва хавфсизлигини муҳофаза қилишга қаратилган комплекс ислоҳотлар дастури бўлиб, унда фавқулодда вазиятлар ва глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф-хатарларни камайтириш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган.

    Шу мақсадда,    2026 йил 19    январь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқармасида “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти” мавзусида семинар    бўлиб ўтди.    

    Семинарда Барқарор ривожланиш маркази эксперти    Искандар Ўроқбоев    иштирок этиб, такомиллаштирилаётган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси лойиҳасининг асосий устувор йўналишлари, фавқулодда вазиятлар хавфини камайтиришга қаратилган мақсад ва вазифалар хусусида тўхталиб    ўтди.

    Жумладан,    республиканинг сейсмик фаол ҳудудларида 6 балл ва ундан юқори балли зилзила содир бўлганда аҳолини барвақт хабардор қилиш тизимини 100 фоиз жорий этиш, илмий-техник ёндашув асосида хавф индикаторларига кўра ҳар бир маҳаллани “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратган ҳолда хавф даражаларини 100 фоиз белгилаш    ҳамда    хавф кўрсаткичини камайтиришга қаратилган ҳудуд, туман (шаҳар) ва маҳаллалар кесимида профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш ва “қизил” тоифадаги маҳаллаларни 100 фоиз “сариқ” ва “яшил” тоифасига чиқариш    каби вазифалар белгиланаётгани,    шунингдек стратегиянинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ўзаро уйғунлиги ҳақида батафсил    маълумот берди.

    Таъкидланганидек, стратегия доирасида замонавий мониторинг тизимларини жорий этиш, хавфларни олдиндан аниқлаш ва аҳолини тезкор хабардор қилиш механизмларини такомиллаштириш орқали табиий ва техноген офатлар оқибатларини минималлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Семинар якунида иштирокчиларнинг саволларига атрофлича жавоблар берилиб, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, хавф даражасини баҳолаш ҳамда профилактик чора-тадбирларни самарали ташкил этиш бўйича амалий тушунтиришлар берилди.