Табиий офатлар инсон ҳаёти ва фаолиятига, саломатлигига хавф солиши билан хатарлидир. Уларнинг хавфини, зиёнини камайтириш ҳам инсонлар ҳаёти, ҳам атроф-муҳит осойишталиги, ҳам мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирларнинг олдини олади. Шу билан бирга, барқарор ривожланишда муҳим ўрин тутади.
Барқарор тараққиёт нафақат иқтисодий ўсиш, инвестициялар ва инфратузилма ривожи, балки жамиятнинг хавф-хатарларга тайёрлиги билан ҳам ўлчанади. Зеро, табиий офатлар инсон ҳаётига таҳдид солиши, уй-жой ва ижтимоий объектларга зарар етказиши, йиллар давомида эришилган ютуқларни хавф остига қўйиши мумкин. Ҳар йили 13 октябрда нишонланадиган Табиий офатлар хавфини камайтириш халқаро куни ана шу масалаларга эътибор қаратишга хизмат қилади.
БМТнинг Офатлар хавфини камайтириш бўйича бошқармаси 2026 йилги халқаро кун мавзусини «Бардошлилик уйдан бошланади» деб белгилади. Бу ғоя хавфсиз жамият, аввало, хавфсиз хонадондан бошланишини англатади. Зилзилабардош уй-жой, соз электр ва газ тармоқлари, хавфсиз иситиш ускуналари ҳамда фавқулодда вазиятда тўғри ҳаракат қилиш кўникмалари инсонларни муҳофаза қилишнинг муҳим шартларидир. Бироқ, бу фақат оилаларнинг эмас, давлат идоралари, қутқарув хизматлари ва жамоатчиликнинг ҳам умумий масъулиятидир.
Ўзбекистонда ҳам фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш масалаларига тизимли эътибор қаратилмоқда. Президентнинг 2025 йил 20 октябрдаги фармонида хавфларни олдиндан аниқлаш, профилактикани кучайтириш, маҳаллаларда хавфсизликни таъминлаш ва замонавий технологияларни жорий этиш вазифалари белгиланган. Асосий мақсад — офат содир бўлганидан кейин оқибатларни бартараф этиш билан чекланмай, эҳтимолий талафотларни аввалдан камайтириш.
Куни кеча Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг эълон қилган маълумотларга кўра, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 41 та фавқулодда вазият қайд этилган — бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 33 фоиз кам. Турар жойларда 607 мингдан ортиқ хавфсизлик қоидалари бузилиши аниқланган ва уларнинг 88 фоиздан зиёди бартараф этилгани хабар қилинган. Бу рақамлар профилактика билан бирга хонадонлардаги хавф омилларини камайтириш ҳали ҳам долзарб эканини кўрсатади.
Офатларга бардошли жамиятни шакллантиришда маҳалла муҳим ўрин тутади. Чунки маҳалла фаоллари ҳудуднинг хусусиятлари, эҳтиёжманд оилалар ва ёрдамга муҳтож фуқаролар ҳолатини яхши билади. Тоғолди ҳудудларида сел ва кўчки, сейсмик фаол жойларда зилзила, аҳоли зич ҳудудларда ёнғин хавфи ва эвакуация имкониятларини олдиндан баҳолаш зарур. Ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда болали оилалар хавфсизлигини режалаштириш, аҳоли учун амалий машғулотлар ўтказиш бу ишларнинг ажралмас қисмидир.
Офатлар хавфини камайтириш БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳам бевосита боғлиқ. Хусусан, 11-мақсад хавфсиз ва бардошли шаҳарлар ҳамда аҳоли пунктларини барпо этишга, 13-мақсад эса иқлим ўзгариши оқибатларига қарши чора кўришга қаратилган.
Селдан зарар кўрган қишлоқ хўжалиги ерлари озиқ-овқат хавфсизлигига, мактаб фаолиятининг тўхташи таълимга, электр ёки йўл тармоқларининг ишдан чиқиши иқтисодиёт ва аҳоли турмушига таъсир қилади. Демак, хавфсизликка сарфланган маблағлар — келажакдаги йўқотишларни камайтиришга қаратилган сармоя.
Марказий Осиёда зилзила, сел, кўчки, қурғоқчилик, кучли иссиқ ва чанг бўронлари каби хавфлар мавжуд. Иқлим ўзгариши айрим гидрометеорологик хавфларни кучайтириши мумкин; шаҳарлашув ва қурилиш кўламининг кенгайиши эса эҳтимолий зарар кўламига таъсир қилади. Шу боис, янги турар жойлар, мактаблар, шифохоналар ва инфратузилма объектларини режалаштиришда сейсмик ҳолат, сув тошқини хавфи ва эвакуация имкониятлари ҳисобга олиниши керак. Рақамли хариталар ва эрта огоҳлантириш технологиялари аниқ бошқарув қарорларига хизмат қилиши лозим.
Самарадорликни фақат ўтказилган машғулотлар ёки тарқатилган тавсияномалар сони билан баҳолаш етарли эмас. Аҳоли огоҳлантиришни ўз вақтида оладими, уни тушунадими, зарур ҳаракатни бажара оладими — асосий мезон шулар бўлиши керак. Бунинг учун маҳаллалар хавф хариталарини янгилаш, ўқув машқларини ҳаётий вазиятларга яқинлаштириш, фуқаролик жамияти ва волонтёрлар иштирокини кучайтириш мақсадга мувофиқ.
Табиий офатларнинг олдини ҳар доим ҳам тўлиқ олиб бўлмайди. Аммо уларнинг оқибатларини енгиллаштириш, инсон ҳаётини муҳофаза қилиш ва жамиятнинг тез тикланиш қобилиятини ошириш ўз қўлимизда. Бунинг учун хавфсизлик ҳар бир хонадон, маҳалла, корхона ва давлат идорасининг кундалик фаолиятида устувор қадриятга айланиши зарур. Зеро, ҳақиқий барқарор тараққиёт — эришилган ютуқларни ҳам инсонлар учун хавфсиз сақлаб қола олишдир.
Жаҳонгир Исаев
Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи
Манба: https://uza.uz/uz/posts/ofatlarga-bardoshlilik-zhamiyat-barqaror-taraqqiyotining-muhim-sharti_922185