Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Обод майдон — хавфсиз муҳит

10-10-2026 72

    Қалин ўт босиб, чиқинди тўпланган, қаровсиз қолган майдонларни одамлар одатда четлаб ўтади. Кўздан пана ва ташландиқ жойлар эса ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун қулай шароит яратиши мумкин. Бундай ҳудудларни тозалаш, кўкаламзорлаштириш ва аҳоли фойдаланадиган дам олиш жойларига айлантириш атрофни кузатишни осонлаштиради, одамлар қатновини кўпайтиради ва муҳитнинг хавфсизлигини оширишга хизмат қилади.

    Бу ёндашув АҚШнинг    Филадельфия шаҳрида амалда синовдан ўтказилган. 2018 йилда    АҚШ Миллий фанлар академиясининг PNAS журналида    эълон қилинган тадқиқот    541    та бўш ер майдонини қамраб олган. Уларнинг бир қисми тозаланиб, майса ва дарахтлар экилган, паст тўсиқлар ўрнатилиб, мунтазам парвариш йўлга қўйилган. Бошқа майдонлар фақат тозалаб турилган, назорат гуруҳидаги ҳудудларга эса ўзгартиш киритилмаган.

    Натижалар шуни кўрсатганки, камбағаллик чегарасидан паст даромадли аҳоли яшайдиган ҳудудларда ободонлаштирилган майдонлар атрофида умумий жиноятчилик ўзгаришсиз қолдирилган ҳудудларга нисбатан    13,3фоизга камайган.

    Тадқиқотнинг ижтимоий натижалари ҳам эътиборга молик. Кўкаламзорлаштирилган майдонлар яқинида яшовчиларнинг очиқ ҳудудлардан дам олиш ва мулоқот учун фойдаланиши назорат гуруҳига нисбатан    75,7    фоизга ошган. Уйдан ташқарига чиқишда хавфсизликдан хавотирланиш эса    57,8    фоизга камайган.

    Бу рақамлар оддий ободонлаштириш ишларининг аҳоли кундалик ҳаётига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўрсатади. Қаровсиз майдонлар тартибга келтирилгач, аҳолининг улардан фойдаланиш фаоллиги ошади, қўшнилар ўртасидаги мулоқот учун янги жамоат макони пайдо бўлади ва ҳудуд устидан табиий ижтимоий назорат кучаяди.

    Мазкур ёндашувни Ўзбекистон шароитига мослаб, дастлаб пилот тартибида бир шаҳарнинг икки-уч маҳалласида синаб кўриш мумкин.

    Биринчи навбатда ҳокимлик, кадастр ва шаҳарсозлик соҳаси мутахассислари танланган ер майдонининг ҳуқуқий мақомини, бош режадаги вазифасини, муҳандислик тармоқлари — ер ости қувурлари ва кабелларининг жойлашувини аниқлаши зарур. Майдонни танлашда аҳоли фикрини ҳам инобатга олиш муҳим. Мактаб, бекат, маҳалла маркази ёки аҳоли кўп қатнайдиган йўллар яқинидаги майдонлар кундалик фойдаланиш учун айниқса қулай бўлади.

    Ободонлаштириш ишлари амалдаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, жумладан ШНҚ 2.07.01-23 талабларига мувофиқ амалга оширилиши лозим. Дарахтлар бинолар, йўлаклар ва ерости муҳандислик тармоқларидан белгиланган масофада экилиши зарур.

    Ўзбекистоннинг иссиқ ва қуруқ иқлимини ҳисобга олган ҳолда, катта ҳажмда сув талаб қиладиган кенг майсазорлар ўрнига маҳаллий шароитга мос сояли дарахтлар, кам сув талаб қиладиган ўсимликлар ҳамда тежамкор суғориш технологияларидан, жумладан томчилатиб суғоришдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

    Майдон фақат кўркам эмас, балки барча учун қулай бўлиши керак. Текис ва тўсиқсиз йўлаклар, қулай ўриндиқлар, етарли ёритиш кексалар, ёш болали оилалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур шароит яратади. Бута ва бошқа ўсимликлар атрофни кўриш имкониятини чекламаслиги, айниқса кечки вақтда кўздан пана нуқталар ҳосил қилмаслиги муҳим.

    Бунда майдонни бир марта ободонлаштиришнинг ўзи етарли эмас. Уни мунтазам тозалаш, суғориш, ўсимликларни парвариш қилиш, ўриндиқлар ва ёритиш воситаларини соз ҳолда сақлаш учун масъул ташкилотлар ҳамда молиялаштириш манбалари олдиндан белгиланиши зарур. Шартномаларда бажариладиган ишлар, уларнинг муддатлари ва томонларнинг масъулияти аниқ кўрсатилиши керак.

    Пилот лойиҳанинг самарасини баҳолаш учун дастлабки ҳолат бўйича маълумотлар йиғилиши, бир йилдан кейин эса натижалар қайта ўрганилиши мақсадга мувофиқ. Бунда майдондан фойдаланувчилар сони, ҳуқуқбузарликларга оид мурожаатлар, ҳудуддаги ижтимоий фаоллик ва аҳолининг ўзини қанчалик хавфсиз ҳис қилиши каби кўрсаткичлар баҳоланиши мумкин. Натижалар ободонлаштирилмаган ўхшаш ҳудудлар билан солиштирилса, лойиҳанинг ҳақиқий таъсирини аниқроқ кўриш имкони пайдо бўлади.

    Бундай ёндашув катта харажат талаб қиладиган инфратузилма лойиҳаси эмас. Муҳими — қаровсиз ҳудудни одамлар фойдаланадиган, доимий парвариш қилинадиган ва табиий равишда кузатиб туриладиган жамоат маконига айлантиришдир.

    Аҳоли учун қулай, обод ва хавфсиз жамоат маконларини яратиш Барқарор ривожланиш мақсадларининг    11-мақсади —    «Барқарор шаҳарлар ва аҳоли яшаш жойлари»га эришишга ҳам хизмат қилади.

    Алишер Азизов,

“Барқарор ривожланиш маркази” ННТ бош мутахассиси