2022 йил 12-13 апрель кунлари Тошкент шаҳрида «Ўзбекистон Республикасининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга риоя этиши юзасидан муқобил ҳисобот тайёрлашда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг салоҳиятини ошириш» мавзуси бўйича 2 кунлик семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг мазкур “Ўзбекистон Республикасининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга риоя этиши юзасидан муқобил ҳисобот тайёрлашда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг салоҳиятини ошириш” мавзусидаги семинар-тренингдаги нутқи:
Барчага маълумки, 2021 йил 7 июнда асосий мақсади ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенглик асосида барча ҳуқуқларини тўлиқ амалга оширишларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва таъминлашдан иборат бўлган БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияси Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинди.
Мазкур Конвенцияни ратификация қилиш жараёнида нафақат давлат тузилмалари, балки фуқаролик жамияти институтлари ҳам фаоллик кўрсатаётгани муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги кунда, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласи, қонунчиликни такомиллаштириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан жамоатчилик мониторингини ўтказиш, халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича миллий ва муқобил ҳисоботлар тайёрлашда фаол иштирок этаётган фуқаролик жамияти институтлари алоҳида эътиборда.
Бугунги кунда мамлакатимизда ногиронлик соҳасида 600 га яқин нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият юритмоқда. Улар орасида Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон ногиронлар жамоат фонди, Ўзбекистон Ногирон ишбилармон аёллар миллий ассоциацияси, Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази, Ўзбекистондаги фалаж ногирон болалар ва ўсмирларга ёрдам бериш “Умр” жамоатчилик маркази, “Инклюзив ҳаёт” ногиронлар жамоат бирлашмаси, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон карлар жамияти каби ННТлар бор. Юқорида таъкидланганидек, мазкур нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари Конвенцияни ратификация қилишда фаол иштирок этди.
Мазкур конвенцияни ратификация қилиниши давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтларига яна бир масъулиятли вазифани юклайди, яъни Конвенцияни ратификация қилиш бу асосий ишнинг 10 % ни ташкил этса, унинг қоидаларини амалга ошириш билан боғлиқ муҳим тадбирларни амалга ошириш эса 90 % ни ташкил қилади.
Ўз навбатида, Конвенция ратификация қилингандан сўнг, бу соҳада бир қанча ишлар амалга оширилди, хусусан 2021 йил 21 декабрда Ўзбекистан Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Қарори тасдикланди. Мазкур қарорга мувофиқ қуйидагилар белгиланди:
болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I ва II гурух ногиронлиги бўлган шахслар учун даромад солиғи бўйича белгиланган имтиёз мехнатга ҳақ тўлашнинг энг кам микдорининг 1,41 бараваридан 3 бараваригача оширилди;
Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили 500 нафаргача ногиронлиги бўлган ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш максадида субсидия ажратиб бориш тизими жорий этилди. Бунда “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2022 йилдан бошлаб хар йили танлов асосида танлаб олинган 20 нафаргача ногиронлиги бўлган иктидорли ёшларнинг етакчи хорижий олий таълим муассасаларида, шу жумладан онлайн курсларда таълим олиши белгиланди.
Бундан ташқари, Конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган Миллий ҳаракатлар режаси халқаро экспертлар, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакиллари томонидан берилган таклифлар асосида такомиллаштирилиб, Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясига киритиш режалаштирилган.
Ҳурматли семинар-тренинг иштирокчилари!
Ҳаммага маълумки, Конвенцияда иштирок этувчи аъзо давлатлар Конвенция ратификация қилинганидан сўнг 2 йил ичида дастлабки миллий маърузани, кейинчалик ҳар 4 йилда бир марта тақдим этишлари белгиланган.
2023 йил июль ойида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг даслабки миллий маърузасини топшириш режалаштирилган. Шу билан бирга БМТнинг тегишли қўмиталари фуқаролик жамияти вакиллари томонидан тақдим этиладиган муқобил маърузаларни олқишлайди. Бу эса давлат органлари ва фуқаролик жамияти вакилларини янада фаол бўлишга чорлайди.
Бугунги тадбирнинг ҳам асосий мақсади, Ўзбекистон Республикасининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга риоя этиши юзасидан муқобил ҳисобот тайёрлашда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг салоҳиятини оширишдан иборат.
Ишончим комилки, семинар-тренинг очиқ ва амалий мунозаралар руҳида ўтади. Шу ўринда семинар-тренинг ишига муваффақият тилайман.