2026 йил 13 май куни Тошкент шаҳрида “Мустаҳкам оила – фаровон жамият” мавзусида семинар-давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 мартдаги ПФ-33-сон “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Семинар давомида оила институтини мустаҳкамлаш, эрта никоҳларнинг олдини олиш, никоҳни қонуний расмийлаштириш, никоҳ шартномасининг аҳамияти, оилавий ажралишларнинг профилактикаси ҳамда алимент мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ҳуқуқий масалалар муҳокама қилинди.
Тадбирда Адлия вазирлиги вакиллари, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи, шунингдек, туман ҳокимлари ўринбосарлари ҳамда маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишловчи фаоллар иштирок этди.
Семинар доирасида Барқарор ривожланиш маркази вакили томонидан “Ёшларнинг эрта никоҳга муносабати ва унинг ижтимоий-демографик оқибатлари” мавзуси-даги ижтимоий тадқиқот натижалари тақдим этилди. Тақдимотда ёшларнинг эрта никоҳга муносабати, мазкур ҳолатнинг оила барқарорлиги ва ижтимоий муҳитга таъсири юзасидан ўтказилган сўровнома натижалари ҳамда таҳлилий хулосалар ҳақида маълумот берилди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди, амалий таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди ҳамда оила институтини мустаҳкамлаш, эрта никоҳларнинг олдини олиш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.