2026 йил 24–25 апрель кунлари Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети Ижтимоий-иқтисодий фанлар факультетида Барқарор ривожланиш маркази Хоразм вилояти бўлинмаси билан ҳамкорликда “Минтақавий иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга оширишнинг долзарб масалалари ва уларнинг барқарор ривожланишга таъсири” мавзусида Республика миқёсидаги илмий-амалий анжуман ташкил этилди.
Мазкур анжуман ҳудудий иқтисодиётни модернизация қилиш, таркибий диверсификацияни чуқурлаштириш ва ресурслардан самарали фойдаланиш орқали барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган илмий мулоқот майдони сифатида хизмат қилди. Тадбир доирасида ялпи мажлис ҳамда 5 та шўъба кесимида илмий маърузалар тингланиб, уларда минтақавий иқтисодиётда таркибий ўзгаришларнинг институционал, инновацион ва инвестицион жиҳатлари атрофлича ёритилди.
Анжуманнинг асосий мақсади сифатида ҳудудий иқтисодий тизимларни трансформация қилиш механизмларини такомиллаштириш, инновацион ривожланиш моделларини жорий этиш, шунингдек, глобал иқтисодий тенденциялар шароитида ҳудудларнинг барқарор ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш белгиланди. Шу нуқтаи назардан, анжуман доирасида илғор хорижий тажрибаларни миллий иқтисодиёт шароитига мослаштириш, кластер ёндашувини кенг жорий этиш ва “яшил иқтисодиёт” тамойилларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Анжуманни университетнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, профессор Алимардон Атамуротов очиб берди ҳамда университет ректори, профессор Мадрахимованинг табриги қатнашчиларга етказилди. Тадбирда республика олий таълим муассасалари олимлари, илмий тадқиқотчилар, амалиётчи мутахассислар ва ёш изланувчилар фаол иштирок этдилар, бу эса илмий фикр алмашувини янада бойитди.
Ялпи мажлисда бир қатор муҳим ва долзарб мавзулар юзасидан илмий маърузалар тақдим этилди. Жумладан, профессор Б. Рўзметов томонидан минтақада камбағалликни қисқартиришнинг институционал механизмлари таҳлил қилиниб, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш бўйича илмий таклифлар илгари сурилди. Профессор Т. Дўсчанов ўз маърузасида туристик кластерларни шакллантириш орқали ҳудудий иқтисодий фаолликни ошириш имкониятларини асослаб берди. Шунингдек, Қозон федерал университети Елабуга филиали профессори В. Исламутдинов томонидан Татаристон Республикаси тажрибаси асосида минтақавий ривожланишни жадаллаштириш механизмлари ёритилди. Ф. Абдуллаев эса “яшил иқтисодиёт”га ўтиш жараёнида хорижий мамлакатлар тажрибасини таҳлил қилиб, уни миллий иқтисодиётга жорий этиш имкониятларини кўрсатиб берди.
Профессор Б. Рузметов ўз сўзида Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш масалалари энг долзарб йўналишлардан бири эканлигига, шу боис, мамлакатда аҳоли фаровонлигини ошириш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш мақсадида институтсионал ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, ушбу жараёнда давлат сиёсати, норматив-ҳуқуқий базаси, ижтимоий ёрдам дастурлари, бандликни рағбатлантириш механизмлари ва минтақавий бизнес ва бошқарув тизимининг ҳамда креатив иқтисодиётни самарали ишлаши муҳим аҳамиятга эга эга эканлигига тўхталди. Камбағалликни қисқартириш ва фаровонликни ошириш комплекс институтсионал ёндашувни талаб қилади, у иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий механизмларнинг уйғунлиги билан мамлакатнинг барқарор ва инклузив ривожланишига асос бўлади.
Анжуман қуйдаги йўналишлардаги шўбаларда давом этди.
1-шўба. “Ўзбекистон-2030” стретегиясини амалга оширишда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш: ютуқлар ва вазифалар.
2-шўба.Минтақавий иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга оширишнинг методологик асослари.
3-шўба.Минтақанинг қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизматлар секторларида таркибий ўзгаришларни амалга оширишнинг ўзига хос жиҳатлари.
4-шўба.Минтақавий иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга оширишнинг хориж тажрибаси.
5-шўба.Минтақавий иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга оширишда инновацион ривожланиш, рақамли трансформатсия ва инсон капиталининг аҳамияти.
Анжуман муҳокамалари давомида ҳудудий иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга оширишда қуйидаги устувор йўналишлар шакллантирилди: иқтисодиёт тармоқларини диверсификация қилиш, инновацион инфратузилмани ривожлантириш, инвестицион муҳитни яхшилаш, инсон капиталини кучайтириш ҳамда рақамли иқтисодиёт элементларини кенг жорий этиш. Шу билан бирга, маҳаллий бошқарув самарадорлигини ошириш ва институционал ислоҳотларни чуқурлаштириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Анжуман якунида ишлаб чиқилган илмий-амалий таклиф ва тавсиялар ҳудудларнинг рақобатбардошлигини ошириш, иқтисодий ўсиш суръатларини барқарорлаштириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши қайд этилди. Мазкур тадбир нафақат илмий мулоқот майдони, балки минтақавий иқтисодиётни стратегик ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим платформа сифатида ҳам аҳамият касб этди.
Барқарор ривожланиш маркази Хоразм вилоят бўлинмаси раҳбари и.ф.д., проф, Б.Рузметов