2025 йил 18 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ташқи меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштиришга бағишланган ҳисоботни қабул қилди. Ушбу йиғилишда хорижда меҳнат қилаётган фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш, хизматларни соддалаштириш ва миграция жараёнларини шаффофлаштириш билан боғлиқ асосий масалалар муҳокама қилинди. Расмий маълумотларга кўра, 2016 йилда 3,8 миллиард доллар бўлган мигрантлар пул ўтказмалари 2025 йилнинг 10-ойига келиб 15,8 миллиард долларга етган. Бу ташқи меҳнат миграциясининг иқтисодий аҳамияти кескин ошганини ва ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш долзарб вазифага айланганини кўрсатади. Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва улар учун хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш (8.8), 2030 йилгача янги иш ўринларини кўпайтириш, иқтисодий фаоллик ва туризмнинг барқарор ривожланишини рағбатлантириш (8.9), шунингдек, тартибга солинган, хавфсиз ва бошқариладиган меҳнат миграциясига кўмаклашиш (10.7) каби устувор йўналишларни ўз ичига олади. Ана шу глобал вазифалардан келиб чиқиб, халқаро меҳнат бозорида ҳозирда 140 минг нафар малакали мутахассисга талаб борлиги, аммо уларни тайёрлаш бўйича амалий ишлар ҳали етарли эмаслиги таъкидланди. Мавжуд эҳтиёжни қондириш, меҳнат муҳожирларининг касбий рақобатбардошлигини ошириш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш мақсадида Учтепа туманида “Хорижга ишга тайёрлаш маркази”, Термиз шаҳрида “Ягона миграция хизматлари” маркази, Яшнобод туманида эса немис ва япон тилларига ихтисослашган ўқув мактабларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Бугунги кунда “Хорижда иш” платформаси орқали 25 турдаги хизматлар кўрсатилмоқда ва бу йилнинг ўзида 524 минг фуқаро онлайн хизматлардан фойдаланган. Бироқ барча жараёнлар тўлиқ рақамлашмагани сабабли сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, биометрик идентификация, реал вақтда иш ўринларини кузатиш ҳамда масофавий маслаҳат бериш хизматларини йўлга қўйиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, Президентимиз ноқонуний миграция ва лицензиясиз консалтинг фаолияти билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари ортиб бораётганини қайд этиб, жарималарни ошириш, аэропортларда интерактив инфокиосклар ўрнатиш ва Жиноят кодексига тегишли ўзгартишлар киритиш бўйича кўрсатмалар берди. Умуман олганда, Президент томонидан илгари сурилган ташаббуслар меҳнат миграцияси жараёнларини хавфсиз, қулай ва шаффоф қилишга қаратилган бўлиб, бу нафақат иқтисодий барқарорликка, балки инсон қадри, ҳуқуқий ҳимоя ва барқарор ривожланиш тамойилларига мувофиқ равишда амалга оширилмоқда.