Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Марказий Осиё ўзига хос минтақавий ҳамкорлик моделини шакллантирмоқда

12-10-2026 20
Марказий Осиё минтақавий ҳамкорликнинг янги босқичига кириб бормоқда. Бу жараён Европа Иттифоқи моделининг такрори ҳам, миллий тузилмалардан устун турувчи блокларни тузишга уриниш ҳам эмас. Аксинча, минтақа давлатлари суверенитетни сақлаган ҳолда сиёсий мулоқот, амалий ҳамкорлик ва мунтазам маслаҳатлашувга таянган ўзига хос, мослашувчан моделни шакллантирмоқда.

Парокандаликдан мувофиқлашув сари

    Узоқ йиллар давомида Марказий Осиё кўпинча парокандалик нуқтаи назаридан тавсифланиб келди. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни умумий география, тарих, инфратузилма ва экологик муаммолар боғлаб турган бўлса-да, ҳал этилмаган чегара масалалари, сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича келишмовчиликлар, савдо тўсиқлари ва сиёсий ишончнинг етарли эмаслиги ҳамкорликни чеклаб келди.

    Бугун эса бундай тасаввур минтақа ҳаётида кечаётган ўзгаришларни тўлиқ ифодаламайди. Сўнгги ўн йилликда сиёсий мулоқот мунтазам тус олди, амалий ҳамкорлик йўналишлари кенгайди, маслаҳатлашув маданияти эса тобора институционал мазмун касб этмоқда.

    Бу ўзгаришларнинг муҳим омилларидан бири Ўзбекистоннинг қўшни давлатларга нисбатан ёндашувида юз берган янгиланиш бўлди. 2017 йилдан бошлаб Тошкент Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларни ташқи сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилади ва минтақа раҳбарлари ўртасида тўғридан-тўғри, мунтазам мулоқотни илгари сурди. 2017 йил сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам Маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббусини илгари сурди. Ушбу форматдаги биринчи учрашув 2018 йил март ойида бўлиб ўтди.

Суверен ваколатларни топширмасдан ҳамкорлик қилиш

    Маслаҳат учрашувлари босқичма-босқич минтақа олдида турган умумий масалаларни муҳокама қилиш учун асосий сиёсий майдонга айланди. Шу билан бирга, бу формат дастлабдан миллий тузилмалардан устун турувчи ташкилот сифатида тузилмаган. Марказий Осиёда мустақил ваколатларга эга минтақавий комиссия, умумий парламент ёки Европа Иттифоқидагидек миллий тузилмалардан устун бўлган ҳуқуқий тизим мавжуд эмас.

    Ҳамкорлик, асосан, давлат раҳбарлари учрашувлари, вазирликлар даражасидаги мувофиқлашув, икки ва кўп томонлама битимлар ҳамда аниқ соҳаларга йўналтирилган механизмлар орқали ривожланмоқда. Институтлар мавжуд, аммо улар ихчам ва давлатлар назоратида қолмоқда. Яъни бу — суверен ваколатларни топширмасдан институционаллашув жараёнидир.

    Шу маънода Ўзбекистоннинг ролини иерархик интеграция лойиҳасини қуришга интилиш сифатида эмас, балки мунтазам маслаҳатлашув ва амалий ҳамкорликни сиёсий жиҳатдан мумкин қиладиган муҳитни шакллантиришга қўшилган ҳисса сифатида баҳолаш тўғрироқ. Энг муҳими, шаклланаётган минтақавий тартиб барча иштирокчи давлатларнинг сиёсий иродаси ва тенг иштирокини талаб қилади.

Сиёсий ишонч — минтақавий инфратузилманинг бир қисми

    Ўзгаришларнинг энг яққол белгиси янги штаб-квартира ёки шартномавий ташкилот пайдо бўлгани эмас. Энг муҳим натижа — аввал минтақавий ҳамкорликни қийинлаштирган муаммоларнинг босқичма-босқич бартараф этилаётганидир.

    2025 йил март ойида Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегараси тўғрисида шартнома имзолаб, ўнлаб йиллар давом этган мураккаб музокара жараёнини расман якунлади. Чегаранинг айрим участкаларида аввал мавжуд бўлган кескинликни ҳисобга олганда, мазкур келишув кенгроқ минтақавий ҳамкорлик учун сиёсий муҳитни яхшилади.

    Транспорт боғлиқлиги, сув ресурсларини бошқариш, энергетика, иқлимга чидамлилик, савдо ва саноат кооперацияси ҳам тобора кўпроқ минтақавий масалалар сифатида кўриб чиқилмоқда. Денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконияти бўлмаган ва қўшни мамлакатлар билан транспорт, сув, энергия ва савдо тармоқлари орқали чамбарчас боғланган Ўзбекистон учун прогноз қилинадиган минтақавий муҳит бевосита иқтисодий ва хавфсизлик аҳамиятига эга.

    Айнан шу амалий мазмун янги минтақавийликка реал асос бермоқда. Сиёсий яқинлашувдан кейин чегараолди савдосини кенгайтириш, транспорт алоқаларини яхшилаш ва умумий муаммоларга мувофиқлаштирилган жавобларни ишлаб чиқишга қаратилган саъй-ҳаракатлар кучайди.

Ўзбекистон ва минтақавий ҳамкорликнинг институционал ривожи

    2025 йил 16 ноябрда Тошкент шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви ушбу жараённинг навбатдаги босқичини белгилаб берди. Учрашувда Озарбайжоннинг форматга тўлақонли иштирокчи сифатида қўшилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.

    Тошкент учрашуви механизм тобора тизимлашиб бораётганини, бироқ унинг ҳукуматлараро хусусияти сақланаётганини ҳам кўрсатди. Ўзбекистон раислиги даврида минтақавий кун тартиби хавфсизлик, ҳудудлараро ҳамкорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги, экология, маданият ва бошқа йўналишларни қамраб олган ҳолда кенгайди.

    Бу ерда жараённинг кетма-кетлиги муҳим. Марказий Осиёда институционаллашув кўп жиҳатдан сиёсий яқинлашувдан кейин шаклланди, ундан олдин эмас. Аввало давлатлар ўзаро мулоқотни тиклади, икки томонлама кескинликларни юмшатди ва амалий ҳамкорликни кенгайтирди. Расмий механизмлар эса шундан сўнг эҳтиёткорлик ва босқичма-босқичлик асосида ривожланди.

    Бундай ёндашувни «суверенитетни сақловчи минтақавийлик» деб таърифлаш мумкин: давлатлар мувофиқлашувни чуқурлаштиришга интилади, бироқ сиёсий ваколатларни ягона минтақавий марказга топширмайди.

Минтақавий яқинлашувдан халқаро эътироф сари

    Ташқи шериклар ҳам Марказий Осиёга тобора яхлитроқ минтақавий макон сифатида ёндаша бошламоқда. Бунинг яққол мисоли — 2025 йил 4 апрелда Самарқанд шаҳрида ўтказилган биринчи «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» саммити. Унда Марказий Осиёнинг беш мамлакати раҳбарлари ва Европа Иттифоқи вакиллари иштирок этди.

    Саммит якунлари бўйича Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Кун тартибидан транспорт боғлиқлиги, савдо, энергетика, сув ресурслари, иқлим, муҳим хом ашё ва бошқа йўналишлар ўрин олди. Бу масалаларни бешта алоҳида икки томонлама йўналиш орқали самарали ҳал этиш ҳар доим ҳам осон эмас.

    Самарқандда мазкур саммитнинг ўтказилиши Ўзбекистон минтақавий сиёсатининг яна бир муҳим жиҳатини кўрсатди: миллий ташқи сиёсатларни ягона минтақавий марказ билан алмаштирмаган ҳолда Марказий Осиёнинг жамоавий халқаро субъектлигини кучайтириш. Яқинроқ мувофиқлашув барча масалаларда бир хил позицияда туришни англатмайди. У манфаатлар муштарак бўлган соҳаларни аниқлаш ва биргаликдаги ҳаракатлар орқали амалий натижага эришиш имконини беради.

Ўзига хос афзаллик ва чекловларга эга модель

    Шаклланаётган моделнинг қатор афзалликлари бор. У ҳамкорлик олдидаги сиёсий тўсиқларни камайтиради, қарорлар учун миллий масъулиятни сақлаб қолади ва миллий тузилмалардан устун ваколатлар масаласини олдиндан ҳал қилмасдан туриб амалий ташаббусларни илгари суриш имконини беради.

    Бироқ унинг чекловлари ҳам мавжуд. Консенсусга асосланган ҳамкорлик қарор қабул қилишни секинлаштириши мумкин. Ихчам институционал тузилмалар келишувларни амалга оширишда номутаносибликка олиб келиши эҳтимолдан холи эмас. Шунингдек, минтақавий ҳамкорлик сиёсий устуворликлар алмашинуви, иқтисодий шоклар ёки янги келишмовчиликлар таъсирига сезгир бўлиб қолади. Унинг барқарорлиги, аввало, миллий манфаатлар фарқ қилган вазиятларда ҳам ҳамкорлик амалиёти сақланиб қолишига боғлиқ бўлади.

    Шу боис кейинги босқични саммитлар сони билан эмас, балки сиёсий келишувлар транспорт, савдо, сув ва энергетика, иқлим ўзгаришига мослашув, хавфсизлик ҳамда халқлар ўртасидаги алоқаларда қай даражада барқарор натижа бераётгани билан баҳолаш тўғри бўлади.

Нега Марказий Осиё тажрибаси минтақа ташқарисида ҳам аҳамиятли?

    Марказий Осиё минтақавийлик ҳақидаги халқаро мунозаралар учун айнан Европа Иттифоқига ўхшамаслиги билан қизиқ. Европа тажрибаси узоқ вақт минтақавий ҳамкорлик қандай ривожланиши кераклиги ҳақидаги қарашларга таъсир қилиб келди: давлатлар ҳамкорлик қилади, умумий институтлар яратади, умумий қоидаларни қабул қилади ва айрим соҳаларда ваколатларни миллийдан устун бўлган даражага ўтказади.

    Марказий Осиё эса бошқача йўлдан бормоқда. Минтақа давлатлари суверенитет ва ҳукуматлараро қарор қабул қилиш тамойилига содиқ қолган ҳолда сиёсий маслаҳатлашувлар ва амалий ўзаро боғлиқликнинг тобора амалий тизимини шакллантирмоқда.

    Ўзбекистон мазкур жараёнга очиқроқ минтақавий сиёсий муҳитни шакллантириш, Марказий Осиё раҳбарларининг мунтазам Маслаҳат учрашувлари ташаббусини илгари суриш ва сиёсий яқинлашувни амалий ҳамкорлик билан боғлаш орқали салмоқли ҳисса қўшди. Айни пайтда бу жараён моҳиятан жамоавийдир: унинг келгуси ривожи барча иштирокчи давлатларнинг миллий устуворликларни умумий минтақавий манфаатлар билан уйғунлаштира олишига боғлиқ.

    Марказий Осиё келажакда Европа Иттифоқининг яна бир нусхасига айланмаслиги мумкин — бундай мақсаднинг ўзи ҳам йўқ. Унинг аҳамияти бошқада: минтақа ўзининг тарихий, сиёсий ва институционал хусусиятларига таянган ҳолда ҳам тобора жипс, мувофиқлашган ва халқаро майдонда салмоқли субъектга айланиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Жаҳонгир Исаев

«Барқарор ривожланиш маркази» ННТ бўлим бошлиғи

Манба: https://pakistan.mfa.uz/ru/news/central-asia-is-shaping-its-own-model-of-regional-cooperation