2026 йил 21-22 май куни “Diplomat University”да “Билим карвони” нодавлат нотижорат илмий муассасаси билан ҳамкорликда “Марказий Осиё ҳамжамиятининг концептуал асослари ва модели” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2026 йил 16 январдаги тегишли буйруғига мувофиқ ташкил этилди.
Анжуманнинг очилиш маросимида “Diplomat University” ректори У. Маҳмудов ҳамда Қозоғистон ва Озарбайжон элчихоналари масъул вакиллари сўзга чиқиб, мавзунинг долзарблигини таъкидладилар. Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия ва Австралиянинг етакчи олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари, таниқли олимлар ва экспертлар ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Тадбир давомида “Diplomat University” ҳамда “Барқарор ривожланиш маркази” ўртасида стратегик ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Ушбу келишувлар қўшма илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш ва академик алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, ташкилий қўмитага келиб тушган 100 га яқин илмий ишлар орасидан энг долзарб ва юқори илмий-амалий аҳамиятга эга бўлган мақола ва тезислар сараланиб, махсус илмий тўплам ҳолида чоп этилди.