2026 йил 27 апрель куни Тошкент шаҳрида маҳалла раислари иштирокида “Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида маҳалла тизимининг ўрни” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Тадбир давомида мамлакатда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида жамиятни барқарор ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда давлат бошқарувини янада халқчил ва самарали ташкил этишда маҳалла институтининг ўрни алоҳида таъкидланди.
Қайд этилганидек, маҳалла бугунги кунда жойларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш, аҳоли билан манзилли ишлаш ва давлат сиёсати ижросини таъминлашда энг муҳим бўғин сифатида намоён бўлмоқда. Унинг имкониятлари кенгайиб бораётгани эса ҳудудлардаги реал вазиятни чуқур ўрганиш ва тезкор чоралар кўришга хизмат қилмоқда.
Айниқса, сўнгги йилларда жорий этилган “маҳалла еттилиги” тизими аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш ва жамоатчилик иштирокини кучайтиришда самарали механизм сифатида баҳоланди. Ушбу ёндашув орқали ҳудудлардаги долзарб масалаларни аниқлаш, уларга манзилли ечимлар ишлаб чиқиш ва амалий натижага эришиш имкониятлари сезиларли даражада ошгани таъкидланди.
Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани маҳалла институтини давлат ва жамият ҳаётида янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим стратегик қарор экани алоҳида қайд этилди.