Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Маҳалла — камбағалликдан фаровонликка чиқишнинг стратегик бўғини

12-05-2026 228

Бугун Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш шунчаки ижтимоий ёрдам кўрсатиш эмас, балки инсон қадрини улуғлаш ва халқни бой қилишга қаратилган тизимли давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Мамлакатимизда жорий этилган “маҳаллабай” ишлаш тизими бугун дунё ҳамжамияти томонидан ўзига хос самарали модел сифатида эътироф этилмоқда.

    Хоразм вилояти малака ошириш институтида вилоятдаги фуқаролар йиғинлари раислари иштирокида ўтказилган “Маҳалла институтининг камбағалликни қисқартиришдаги роли” мавзусидаги давра суҳбати айнан шу стратегик мақсадларни ҳаётга татбиқ этиш масалаларига бағишланди.

    Рақамлар тилида: Ислоҳотлар самарадорлиги

    Тадбирда Барқарор ривожланиш маркази Хоразм вилоят бўлинмаси раҳбари, профессор Бахтиёр Рузметовсўнгги йилларда камбағаллик даражасини камайтириш бўйича амалга оширилган тизимли ишларни аниқ кўрсаткичлар билан таҳлил қилиб берди. Расмий маълумотлар ислоҳотларнинг жадал суръатини яққол ифодалайди:

    2023 йилда: 11%

    2024 йилда: 8,9%

    2025 йилда: 5,8%

    Ушбу рақамлар ортида улкан меҳнат ётибди. Хусусан, 2025 йилнинг ўзида қарийб 1,5 миллион нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилди, 1435 та маҳалла эса “камбағалликдан холи ҳудуд” мақомини олди.

    Минтақавий хусусият ва манзилли ёндашув

    Камбағалликни қисқартиришда ҳар бир ҳудуднинг драйвер соҳаларига таяниш муҳим омилдир. Фуқаролар йиғинлари раислари малакасини ошириш курслари раҳбари И.Маткаримов ўз маърузасида мамлакатдаги жорий ҳолатни таҳлил қилди. Бугунги кунда республикада камбағал аҳоли сони тахминан 2,2 миллион нафарни ташкил этмоқда. Ҳудудий кесимда энг юқори кўрсаткичлар қуйидаги вилоятлар ҳиссасига тўғри келади: Самарқанд вилояти — 265 минг нафар, Фарғона вилояти — 239 минг нафар, Қашқадарё вилояти — 238 минг нафар, Андижон вилояти — 214 минг нафар.

    Шунингдек, шаҳар (5,2%) ва қишлоқ (6,4%) ҳудудлари ўртасидаги фарқни камайтиришда Хоразм воҳасининг аграр салоҳияти, туризм имкониятлари ва ҳунармандчилик анъаналари маҳаллаларда янги иш ўринлари яратишнинг асосий манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

    Тадбиркорлик — камбағалликка қарши асосий қалқон

    Маъмун университети dots.nti Ғ. Сапоев аҳолини тадбиркорликка жалб қилишнинг фаол механизмларига тўхталди. Унинг таъкидлашича, камбағалликни шунчаки нафақа бериш билан енгиб бўлмайди. Бунинг учун:

    “Микрокредитлаш — касбга ўқитиш — бозор топиш” занжирини яратиш орқали аҳолида мустақил даромад манбаини шакллантириш лозим.

    Глобал мақсадлар ва маҳалланинг роли

    Ушбу амалий мулоқот БМТнинг 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадларининг 1-мақсади — “Барча жойларда аҳолининг кам таъминланганлик даражасини пасайтириш”тамойилига тўла мос келади.

    Ўзбекистон тажрибасида маҳалла раиси шунчаки маъмурий бошқарувчи эмас, балки ижтимоий ислоҳотларнинг ҳақиқий “мотори” ва халқ билан давлат ўртасидаги энг яқин кўприкка айланди. Бу каби тизимли, институционал ва стратегик ёндашув мамлакатда барқарор ривожланиш асосларини мустаҳкамлашда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда.

    Давра суҳбати давомида иштирокчилар камбағалликни қисқартиришнинг институционал асослари, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” билан ишлашнинг янгича механизмлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

    Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, маҳаллабай ишлаш тизими орқали аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган бу каби стратегик ёндашувлар яқин келажакда юртимизнинг барқарор ривожланишини таъминловчи энг муҳим восита бўлиб қолаверади.

    Барқарор ривожланиш маркази Хоразм вилоят бўлинмаси раҳбари профессор Б.Рузметов