2026 йил 21 апрель куни Тошкент вилояти Зангиота тумани касб-ҳунар техникумида “Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий ҳаётида маҳалланинг ўрни” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Барқарор ривожланиш маркази Тошкент вилояти бўлинмаси ҳамда Зангиота туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда туман “Нуроний” жамғармаси раиси ва фаоллари, ўзини-ўзи бошқариш органлари раислари, техникум ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирок этиб, жами 150 нафардан ортиқ қатнашчи йиғилди. Давра суҳбатида маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрни, унинг ижтимоий ривожланишдаги аҳамияти ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги ўрни кенг муҳокама қилинди.
Тадбир асосан Барқарор ривожланиш мақсадларининг 4-мақсади — сифатли таълим ва 8-мақсади — муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсиш йўналишларига бағишланди.
Давра суҳбатида сўз олган бўлинма раҳбари А.Тўлаганов Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўналишлари ва бу борада дунёда кузатилаётган асосий тенденциялар ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, таълим соҳасида рақамлаштириш жараёнлари жадал кечмоқда. UNESCO маълумотларига кўра, онлайн таълим платформалари ва масофавий ўқитиш имкониятлари глобал миқёсда кенгайиб, миллионлаб инсонлар учун билим олиш имкониятини оширмоқда.
Шу билан бирга, у меҳнат бозоридаги ўзгаришларга тўхталиб, World Bank таҳлилларига кўра, замонавий иқтисодиётда рақамли кўникмалар, инновацион фикрлаш ва касбий мослашувчанлик асосий талабга айланаётганини қайд этди. Камбағалликни қисқартириш борасида маҳаллий даражада аҳолини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва бандликни таъминлаш самарали ечим сифатида қўлланилаётгани таъкидланди.
Давра суҳбатида Марказ эксперти Ш.Азизов ҳам маъруза қилиб, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ҳар бир инсоннинг шахсий ҳиссаси муҳим эканини алоҳида қайд этди. Унинг таъкидлашича, глобал экологик муаммоларни ҳал этиш фақат давлатлар даражасида эмас, балки ҳар бир инсоннинг кундалик одатлари орқали ҳам амалга ошади.
Ш.Азизов ўз фикрларини глобал экологик тенденциялар билан бойитиб, таҳлилларга кўра, иқлим ўзгариши оқибатида дунёда ҳарорат ошиши, сув танқислиги ва табиий офатлар сони кўпайиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, ҳаво ифлосланиши инсон саломатлигига жиддий хавф туғдираётган омиллардан бири экани қайд этилди.
Унинг сўзларига кўра, бу каби глобал муаммоларни ҳал этишда ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўша олади: дарахт экиш, сув ва энергияни тежаш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, атроф-муҳитни асраш каби оддий амаллар катта натижаларга олиб келади. Шу маънода, маҳалла даражасида амалга оширилаётган ташаббуслар глобал барқарор ривожланиш жараёнларининг муҳим қисми ҳисобланади.
Тадбирнинг амалий қисми ҳам диққатга сазовор бўлди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида техникум ҳудудида кенг кўламли кўчат экиш акцияси ўтказилди. Унда 100 нафардан ортиқ иштирокчи фаол қатнашиб, 100 туп олма, олча, олхўри ва нок кўчатлари экилди. Бу ташаббус орқали иштирокчилар нафақат атроф-муҳитни муҳофаза қилишга, балки Барқарор ривожланиш мақсадларига амалий ҳисса қўшдилар.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур тадбир глобал тенденциялар ва маҳаллий ислоҳотларни уйғунлаштириш, аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш ва ёшларда масъулият ҳиссини кучайтиришга хизмат қилди. Зеро, маҳалла — барқарор тараққиётнинг энг муҳим бўғинидир.
БРМ Тошкент вилоят бўлинмаси