Тошкент, 3 ноябрь — Барқарор ривожланиш маркази томонидан Тошкент шаҳар маҳалла раислари учун “Барқарор ривожланиш мақсадлари ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида маҳалла еттилиги тизимининг ўрни” мавзусида семинар ташкил этилди.
Тадбирда марказнинг етакчи эксперти Авазбек Халбеков “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг асосий йўналишлари ва унинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан уйғунлиги ҳақида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, стратегияда иқтисодий ўсиш, таълим ва тиббиётни ривожлантириш, соғлом экологик муҳит яратиш, адолатли давлат қуриш ҳамда миллий хавфсизликни таъминлаш каби устувор вазифалар белгилаб берилган.
Семинарда таъкидланишича, “маҳалла еттилиги” тизими мазкур вазифаларни амалга оширишда муҳим бўғин ҳисобланади. Ушбу тизим орқали аҳолининг муаммоларини жойида ҳал этиш, “оила–мактаб–маҳалла” ҳамкорлигини кучайтириш ва жамоатчилик назоратини самарали ташкил этиш имкони яратилади.
Шунингдек, “маҳалла еттилиги” институти БРМнинг “камбағалликни қисқартириш”, “сифатли таълим”, “гендер тенглик” ва “барқарор жамоалар” каби йўналишларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим амалий восита сифатида қайд этилди.
Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Шунингдек, миллий стратегия билан Барқарор ривожланиш мақсадлари ўртасидаги ўзаро боғлиқлик юзасидан қўшимча тушунтиришлар берилди.