Коррупцияга қарши курашиш агентлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида эълон қилинган давлат ижтимоий буюртмаси танлови ғолиблари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Тадбир “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” Республика жамоат бирлашмаси ҳамда “Юксалиш” ҳаракати ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда давлат органлари ва ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, академик доира ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашиш жараёнларидаги фаоллигини ошириш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Биргина 2026 йил январь–сентябрь ойларида уларнинг ушбу йўналишдаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган жами 25 та грант ва ижтимоий буюртма лойиҳасини молиялаштириш учун 6,4 млрд сўмдан (шундан Олий Мажлис фонди - 3 млрд 190 млн, Агентлик - 1 млрд 918 млн, халқаро ташкилотлар 846 млн сўм) ортиқ маблағ йўналтирилди. Бу кўрсаткич ўтган йилги йиллик кўрсаткичга нисбатан қарийб 91 фоизга кўп бўлиб, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилаётган маблағлар ҳажми салкам икки баробарга ошганини кўрсатади.
Тадбирда Агентликнинг ижтимоий буюртмаси асосида ишлаб чиқилган “Барқарор ривожланиш” марказининг “Бизнес ва коррупция: Ўзбекистон Республикасида институционал коррупциявий хавфларни баҳолаш, бизнес ҳамжамиятининг муносабатини ўрганиш ва самарали механизмларни такомиллаштириш” ҳамда “Юксалиш” ҳаракатининг ”Ҳалоллик сари илк қадам” номли лойиҳалари тақдим этилди.
Қайд этилганидек, “Ҳалоллик сари илк қадам” лойиҳасининг асосий мақсади болаларда ҳалоллик, адолат, масъулият, ўзгалар ҳақига ҳурмат каби қадриятларни шакллантириш, шунингдек, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни тарбиялашдан иборат. Лойиҳа доирасида мактабгача ёшдаги болалар учун эртаклар, расмлар ва турли топшириқлардан иборат кўргазмали қўлланма, бошланғич синф ўқувчилари учун “Мен ҳалолликни танлайман” методик қўлланмаси, “Ҳалоллик ўйини” тўплами ҳамда таълимга оид бошқа материаллар ишлаб чиқилади.
“Бизнес ва коррупция: Ўзбекистон Республикасида институционал коррупциявий хавфларни баҳолаш, бизнес ҳамжамиятининг муносабатини ўрганиш ва самарали механизмларни такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида тадбиркорлар, инвесторлар ва экспертларнинг бизнес ҳамжамиятининг коррупция ҳолатларига муносабати, фикр-мулоҳазалари ўрганилади, коррупциявий хавфи юқори бўлган институтлар, хизматлар, лавозимлар ва ҳудудлар аниқланади. Шунингдек, коррупцияни қабул қилиш даражаси ҳамда институционал хавфлар баҳоланиб, давлат органлари учун илмий асосланган амалий таклиф ва ечимлар ишлаб чиқилади.
Лойиҳа доирасида шакллантириладиган маълумотлар ягона аналитик базага бирлаштирилиб, институционал коррупциявий хавфлар харитаси, индекс ва рейтингларни ишлаб чиқиш, шунингдек, соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий тавсиялар тайёрлашга хизмат қилади.
Тақдимот якунида лойиҳаларнинг амалий натижадорлигини ошириш, ишлаб чиқилаётган материал ва тавсияларни амалиётга самарали жорий этиш, шунингдек, белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида ва ҳар томонлама пухта таъминлаш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.