2026 йилнинг 26 ноябрь куни Абу Райҳон Беруний университетида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда Бакарор ривожланиш Маркази Тошкент вилояти бўлими иштирокида “Конституционализм концепцияси: замонавий талқинлар ва миллий модель” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.
Мазкур анжуман конституционализмнинг замонавий концепцияларини илмий-назарий ва амалий жиҳатдан таҳлил қилиш, Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини очиб бериш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ҳамда миллий юридик фаннинг истиқболли йўналишларини белгилашга қаратилди.
Анжуманда Россия Федерацияси ва бошқа ҳорижий давлатлар олий таълим муассасаларининг етакчи мутахассислари, мамлакатимизнинг таниқли ҳуқуқшунос олимлари, парламент, суд, прокуратура, ички ишлар органлари, давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Ушбу тадбирда Бакарор ривожланиш маркази Тошкент вилояти бўлими рахбари, юридик фанлари доктори, профессор А.Туляганов томонидан иккинчи шўьба давомида чикишлар килиниб, конституция билан Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг (2023 йил 30 апрелдаги янги таҳрири) 14-моддасида давлат фаолиятининг асосий мақсади сифатида мустаҳкамланганлиги асослаб берилди. Шунингдек, БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган БРМ йўналишлари Конституциянинг қатор моддаларида ўз аксини топгани тугрисида тегишли маълумотлар берилди.
Анжуман доирасида Конституция устунлигини таъминлаш, конституциявий шикоят институти амалиёти, фавқулодда вазиятларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чеклашнинг конституциявий чегаралари, фуқаролик жамиятининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти, жамоат хавфсизлиги ва шахс эркинлиги ўртасидаги конституциявий мувозанат, шунингдек, конституциявий ислоҳотларнинг миллий ва хорижий тажрибаси юзасидан илмий маърузалар тингланди.
Илмий тадбирдан кўзланган асосий мақсад глобаллашув ва интеграциялашув жараёнлари жадаллашаётган шароитда юриспруденцияни ривожлантиришга доир замонавий илмий ёндашувларни шакллантириш, илм-фан, таълим ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат эди.
Конференция якунлари бўйича илмий асосланган таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилиши ҳамда уларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этилишига келишиб олинди.
Мазкур илмий-амалий анжуман миллий конституционализм моделини ривожлантириш, конституциявий қадриятларни жамият ҳаётига чуқур сингдириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий давлат асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бакарор ривожланиш маркази
Тошкент вилояти булими