Аҳоли ўртасида, айниқса ёшлар орасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, мутолаага бўлган қизиқишни ошириш ҳамда маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш мақсадида “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–9-сон, 2026 йил 15 январь) қабул қилинди.
Қарорда 2026–2030 йиллар давомида аҳолининг китобхонлик даражасини ошириш, яъни бир нафар аҳоли томонидан ўқиладиган китоблар сонини йилига ўртача 10 тага етказиш стратегик мақсад сифатида белгиланди.
Мазкур қарорга мувофиқ, Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Жамғарма ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, адабиёт соҳасини ривожлантириш ва таржима ишларини кенгайтиришга қаратилган лойиҳаларни молиялаштиради. Хусусан, ёш ёзувчиларга грантлар ажратиш, истеъдодли муаллифларга ижодий ҳақ тўлаш, миллий ва хорижий адабиётларни ўзаро таржима қилиш ҳамда нашр харажатларини қоплаш назарда тутилган.
Шу билан бирга, 2026 йил 1 февралдан аҳоли ўртасида китоб ўқишни тарғиб қилишга қаратилган “Китоб – маърифат манбаи” дастури амалга оширилади. Давлат органларининг китоб ва китобхонликка оид тарғибот материаллари ижтимоий реклама сифатида эътироф этилади. Жамоат транспортларида “Mutolaa” электрон платформасидан симсиз ёки мобил интернет орқали фойдаланиш имкониятлари яратилиб, махсус QR-кодлар жорий этилади.
Қарор доирасида умумтаълим муассасаларида “Жадидлар изидан” китобхонлик клублари ташкил этилади. Ушбу клублар доирасида ўқувчилар ўртасида китоб таҳлилига бағишланган дебатлар ўтказиш, йил давомида камида 20 та китоб мутолаа қилиш ҳамда ҳар чоракда энг фаол клуб аъзоларини рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.
Мазкур ташаббуслар китобхон жамиятни шакллантириш, миллий маърифатпарварлик анъаналарини тиклаш ва ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.