2026 йил 2 март куни Тошкент шаҳрида маҳалла раислари учун “Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида маҳалла тизимининг ўрни”мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди.
Тадбирда жамиятни барқарор ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва давлат бошқарувини янада халқчил қилишда маҳалла институтига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Айниқса, “маҳалла еттилиги” тизими аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда жамоатчилик иштирокини кучайтиришда муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди.
Шунингдек, камбағалликни қисқартириш, сифатли таълим, соғлом турмуш тарзи, гендер тенглик, барқарор жамоалар ҳамда тинчлик ва адолатни таъминлашда маҳалланинг роли алоҳида экани таъкидланди. Президент томонидан 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши маҳалланинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрнини янги даражага олиб чиқишга қаратилган стратегик қарор сифатида баҳоланди. Зеро, маҳалла — бу фақат ҳудудий тузилма эмас, балки халқимизнинг бирдамлиги, бағрикенглиги ва ўзаро ёрдам анъаналарини мужассам этган ижтимоий макондир.