Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 9 февралдаги ПҚ–51-сон қарорига мувофиқ, “оғир” тоифага киритилган маҳаллаларда кам таъминланган аҳолини иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари жорий этилди.
Мазкур қарорга асосан, “оғир” маҳаллаларда даромад келтирувчи барқарор актив сифатида қуввати 300–500 кВт бўлган кичик қуёш электр станцияларини барпо этиш ва ишга тушириш назарда тутилган. Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 110 млн АҚШ доллари миқдорида молиявий ресурслар ажратилиши белгиланди.
Шунингдек, қарор билан бир ой муддатда қуйидаги йўналишларни қамраб олувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва киритиш вазифаси юклатилди:
• кичик қуёш электр станцияларини қонунчиликда белгиланган тартибда лойиҳалаштириш, давлат экспертизасидан ўтказиш, тендер асосида пудрат ташкилотларини танлаш ҳамда қурилиш-монтаж ишларини ташкил этиш;
• мазкур электр станцияларини фойдаланишга қабул қилиш ва уларнинг самарали эксплуатацияси ҳамда бошқарув механизмларини жорий этиш;
• ишлаб чиқарилган электр энергиясини реализация қилишдан тушган молиявий тушумларни тақсимлашнинг шаффоф ва самарали тартибини белгилаш.
Ушбу ташаббус кам таъминланган аҳоли қатламларининг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш, маҳаллаларда қўшимча даромад манбаларини шакллантириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтиришга хизмат қилади.