Иқлим ўзгариши таъсирида жазирама кунлар тобора кўпайиб, шаҳар аҳолиси саломатлиги, электр энергияси таъминоти ва меҳнат унумдорлигига жиддий босим ўтказмоқда. Ўзбекистон ҳам иссиқлик тўлқинлари, қурғоқчилик ва сув танқислиги хавфи юқори бўлган мамлакатлар қаторига киради. Жаҳон банки мамлакатимиздаги экстремал об-ҳаво ҳодисалари қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт ва аҳоли фаровонлигига бевосита таъсир кўрсатаётганини қайд этади.
Бундай шароитда биноларни фақат кондиционерлар ёрдамида совитиш етарли эмас. Бу усул электр энергияси истеъмолини кескин оширади, электр тармоқларига қўшимча юклама ортади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Атроф-муҳит дастури Ҳиндистонда қўлланилаётган пассив совитиш, яъни катта миқдорда энергия сарфламасдан биноларда мўътадил ҳароратни сақлаш ечимларига эътибор қаратмоқда. Чора-тадбирлар қаторига қуёш нурини қайтарувчи махсус қопламалар, табиий шамоллатиш ва деворларни иссиқликдан ҳимоялаш киради.
Масалан, Деҳлидаги йирик автобус бекатлари томи қуёш иссиқлигининг камида 80 фоизини қайтарувчи махсус қоплама билан янгиланмоқда. Ҳиндистонда ижтимоий уй-жойларни табиий шамоллатиш ва иссиқлик изоляцияси асосида қуриш ички ҳароратни тахминан 3 даражага пасайтириши ҳамда электр энергияси сарфини 35 фоизгача камайтириши мумкинлиги ҳисобланган. Ченнай шаҳрида эса энг иссиқ ҳудудлар хариталаниб, уларни кўкаламзорлаштириш ва пассив совитиш чоралари бош режага киритилмоқда.
Ушбу тажриба Ўзбекистон учун ҳам долзарб. Биринчи навбатда, Тошкент, Нукус, Бухоро, Навоий, Қарши ва Термиз каби иссиқлик юқори бўладиган шаҳарларда «иссиқлик ороллари» харитасини ишлаб чиқиш зарур. Асфальт ва бетон кўп, дарахтлар кам бўлган ҳудудларда ҳарорат бошқа жойларга нисбатан юқорироқ бўлади. Бу борада Жаҳон банки зич қурилиш, яшил ҳудудларнинг етишмаслиги ва иссиқликни ўзида сақловчи қопламалар шаҳарларда жазирама таъсирини кучайтиришини таъкидлайди.
Биринчи босқичда мактаблар, поликлиникалар, болалар боғчалари, бозорлар, автобус бекатлари ва ижтимоий уй-жойларда «салқин том» технологиясини синовдан ўтказиш мумкин. Бунинг учун ҳар доим қиммат ускуналар талаб этилмайди: оч рангли ва қуёш нурини қайтарувчи қопламалар, ташқи соябонлар, том ва деворларни изоляциялаш ҳам сезиларли натижа бериши мумкин. Янги қурилиш меъёрларида биноларнинг йўналиши, табиий шамоллатилиши, деразаларни соялаш ва ҳовлиларни кўкаламзорлаштиришга алоҳида талаблар белгиланиши лозим.
Бу ёндашув миллий меъморчилик анъаналарига ҳам мос келади. Қалин девор, ички ҳовли, айвон, фаввора ва дарахт сояси каби ечимлар асрлар давомида иссиқ иқлимга мослашиш воситаси бўлиб хизмат қилган. Замонавий технологияларни ана шу тажриба билан уйғунлаштириш шаҳарларни салқинроқ, энергия тежамкор ва яшаш учун қулайроқ қилади.
Ҳиндистон тажрибасини Ўзбекистон шаҳарларида пилот лойиҳалар орқали синаб кўриш электр энергиясини тежаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига чидамли инфратузилмани шакллантиришга хизмат қилади.