Ҳозирги глобал иқтисодий жараёнлар шароитида барқарор ривожланиш тамойилларини иқтисодиётни режалаштириш тизимига интеграция қилиш долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Чунки иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш билан бирга табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик мувозанатни сақлаш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш ҳар бир давлатнинг стратегик вазифасига айланган.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳам айнан ушбу йўналишга қаратилган бўлиб, мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, тармоқларни модернизация қилиш, инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишни мақсад қилади. Бу жараёнда иқтисодиётни режалаштириш тизими самарадорлигини ошириш ва барқарор ривожланиш мақсадларини миллий сиёсатга уйғунлаштириш муҳим аҳамият касб этади.
2026 йил 13 май куни Барқарор ривожланиш маркази ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Молия органлари ҳамда бюджет ташкилотларининг молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув маркази билан ҳамкорликда “Иқтисодиётни барқарор ривожланиш тамойиллари асосида режалаштириш” мавзусида соҳа мутахассислари ва экспертлари иштирокида семинар ташкил этилди. Тадбирда молия соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар, давлат молия органлари ва бюджет ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Мазкур тадбирнинг асосий мақсади иқтисодиётни режалаштириш жараёнида барқарор ривожланиш тамойилларини самарали татбиқ этиш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инвестиция лойиҳаларининг натижадорлигини ошириш ҳамда давлат қарзини бошқариш механизмларини такомиллаштиришдан иборат бўлди. Шунингдек, глобал иқтисодий ўзгаришлар шароитида миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш, стратегик режалаштириш сифатини ошириш ва иқтисодий сиёсатнинг узоқ муддатли таъсирини таҳлил қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир давомида иштирокчилар саноат тармоқларини модернизация қилиш, инновацион технологияларни жорий этиш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда логистика тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар билдирдилар. Шунингдек, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва кичик ҳамда ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Барқарор ривожланиш тамойилларига асосланган иқтисодий режалаштиришда молиявий ресурсларни бошқариш тизими ҳал қилувчи аҳамиятга эга ҳисобланади. Бу жараёнда давлат бюджети маблағларини самарали тақсимлаш, солиқ сиёсати орқали иқтисодий фаолликни рағбатлантириш ҳамда инвестиция муҳитини янада яхшилаш орқали барқарор иқтисодий ўсишга эришиш мақсад қилинади. Шунингдек, молия тизимини такомиллаштириш режалаштириш жараёнларининг сифатини оширишга хизмат қилади.
Иқтисодиётни режалаштиришда инсон капитали масаласи ҳам муҳим ўрин тутади. Таълим тизимини замонавий талабларга мослаштириш, меҳнат бозори эҳтиёжларига мос кадрлар тайёрлаш ҳамда рақамли технологиялар соҳасида билим ва кўникмаларни ривожлантириш иқтисодий тизимнинг барқарорлигини таъминловчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Бу эса иқтисодиётнинг инновацион ривожланиш йўлига ўтишига замин яратади.
Умуман олганда, барқарор ривожланиш тамойилларини иқтисодий режалаштириш жараёнига татбиқ этиш мамлакатнинг иқтисодий ўсиш суръатларини барқарорлаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш ҳамда экологик мувозанатни сақлашга хизмат қилади. Шу орқали узоқ муддатли стратегик мақсадларга эришиш учун мустаҳкам асос яратилади.