Ўзбекистоннинг “Илғор иқтисодиёт ва педагогик технологиялар” илмий-электрон журналида Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Авазбек Халбековнинг “Иқтисодиётда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш давр талабидир” мавзусидаги илмий мақоласи чоп этилди. Мақолада мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, таркибий ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда замонавий иқтисодий шароитда барқарор ўсишни таъминлашнинг назарий ва амалий жиҳатлари таҳлил қилинган.
Мазкур тадқиқотда миллий иқтисодиёт таркибини диверсификация қилиш, юқори технологияли хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш, инвестицияларни кенг жалб этиш ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиш барқарор иқтисодий ўсишнинг асосий омиллари сифатида асослаб берилган. Шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётининг сўнгги йиллардаги ўсиш суръатлари, ялпи ички маҳсулот, саноат ишлаб чиқариши, инвестициялар ва ҳудудий ривожланиш кўрсаткичлари таҳлил қилиниб, уларнинг иқтисодий барқарорликка таъсири баҳоланган.
Тадқиқот натижаларига кўра, Янги Ўзбекистон шароитида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш учун ҳудудлар иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тафовутларни қисқартириш, маҳаллий бошқарувнинг молиявий мустақиллигини кучайтириш ҳамда инвестициявий жозибадорликни янада ошириш муҳим аҳамият касб этади. Муаллиф томонидан ушбу йўналишларда амалий таклиф ва тавсиялар илгари сурилган.