Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Иқлим ва БРМ: метанни камайтириш – барқарор келажакнинг янги устувор йўналиши

09-10-2026 40

    Иқлим ўзгариши ҳақида сўз борганда, одатда биринчи бўлиб карбонат ангидрид – CO₂    тилга олинади. Аммо глобал исиш суръатини жиловлаш учун фақат CO₂чиқиндиларини камайтиришнинг ўзи етарли эмас. Сўнгги йилларда халқаро экспертлар атмосферада нисбатан қисқа муддат сақланса-да, иқлимга кучли таъсир кўрсатадиган метан, қора углерод, тропосфера озони ва гидрофторуглеродлар каби ифлослантирувчиларга тобора катта эътибор қаратмоқда.

    Уларнинг айримлари атмосферада CO₂    га нисбатан анча қисқа вақт сақланади, бироқ шу даврнинг ўзида иссиқликни ушлаб қолиш таъсири юқори бўлади. Шунинг учун бундай чиқиндиларни тез суръатда камайтириш глобал исишни яқин истиқболда секинлаштиришнинг самарали йўлларидан бири ҳисобланади. Climate and Clean Air Coalition маълумотларига кўра, қисқа умр кўрувчи иқлим ифлослантирув-чиларини қисқартириш иқлимни муҳофаза қилиш билан бирга ҳаво сифати ва инсон саломатлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

    Бу гуруҳда метан алоҳида ўрин тутади. У табиий газнинг асосий таркибий қисми бўлиб, атмосферада тахминан ўн йил сақланади. Бироқ шу давр мобайнида унинг исишга таъсири CO₂никидан анча юқори.

    UNEP маълумотларига кўра, метан ҳозир кузатилаётган глобал исишнинг тахминан учдан бир қисми билан боғлиқ. Шу боис унинг чиқиндиларини қисқартириш иқлим ўзгариши суръатини нисбатан тез пасайтириш имконини беради.

    Global Methane Assessment ҳисоботига кўра, дунёдаги метан чиқиндиларининг қарийб 60 фоизи инсон фаолияти ҳисобига тўғри келади. Асосий манбалар – қишлоқ хўжалиги, қазилма ёқилғилар соҳаси ва чиқиндилар.

    Қишлоқ хўжалигида метан асосан чорва молларининг овқат ҳазм қилиши, гўнгни сақлаш ва бошқариш, шунингдек шоли етиштириш жараёнида ҳосил бўлади. Нефть, газ ва кўмир тармоқларида эса у қазиб олиш, қайта ишлаш ва ташиш босқичларида атмосферага сизиб чиқиши мумкин. Полигонларда органик чиқиндиларнинг ҳавосиз муҳитда парчаланиши ҳам метаннинг муҳим манбаларидан бири ҳисобланади.

    Муаммонинг энг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, метан сизиб чиқишини эндиликда фақат ердаги ўлчовлар билан эмас, балки сунъий йўлдошлар орқали ҳам аниқлаш мумкин.

    БМТ Атроф-муҳит дастури – UNEP қошидаги Халқаро метан чиқиндилари обсерваторияси (IMEO) томонидан ишлаб чиқилган Methane Alert and Response System – MARS тизими сунъий йўлдош маълумотлари, эксперт таҳлили ва сунъий интеллект имкониятларини бирлаштириб, йирик метан чиқиндиларини аниқлайди ва тегишли давлатлар ҳамда компанияларга бу ҳақда хабар беради. Тизим 30 дан ортиқ сунъий йўлдош асбоблари маълумотларидан фойдаланади.

    2026 йил 23 июнь куни UNEP ва Bloomberg Philanthropies метан сизиб чиқишларига қарши халқаро чораларни кучайтириш бўйича янги мақсадларни эълон қилди. Унга кўра, 2030 йилга қадар MARS орқали аниқланган йирик метан чиқиндилари юзасидан давлатлар ва компанияларнинг жавоб чоралари улушини 80 фоизга етказиш кўзда тутилган.

    Бу жараёнда сунъий интеллектнинг ўрни ҳам тобора ортиб бормоқда. 2026 йил 15 июль куни UNEP сунъий интеллект MARS тизими орқали метан манбаларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича амалий чораларни тезлаштираётганини маълум қилди. UNEP баҳосига кўра, MARS ёрдамида амалга оширилган метанни камайтириш чораларининг иқлимий самараси бир йил давомида 24 миллионта бензинда ҳаракатланувчи енгил автомобил чиқиндиларини бартараф этишга тенг бўлган.

    Бу рақамли технологиялар экологик кузатувнинг оддий воситасидан тезкор бошқарув қарорларини қабул қилиш механизмига айланаётганини кўрсатади. Илгари кўзга кўринмайдиган ва манбасини аниқлаш қийин бўлган метан сизиб чиқишлари энди космосдан қайд этилиб, масъул ташкилотларга тезкор сигнал юборилиши мумкин.

    Мамлакатнинг Париж келишуви доирасида тайёрланган Биринчи икки йиллик шаффофлик ҳисоботига кўра, 2022 йилда Ўзбекистонда жами иссиқхона газлари чиқиндилари 209,61 миллион тонна CO₂-эквивалентни ташкил этган. Табиий ютилишлар ҳисобга олинганда бу кўрсаткич 201,15 миллион тоннага тенг бўлган.

    Чиқиндилар таркибида CO₂    улуши 64,7 фоизни, метан 28,7 фоизни, азот(I) оксиди 6,1 фоизни, гидрофторуглеродлар эса 0,5 фоизни ташкил этган.

    Демак, мамлакат иссиқхона газлари таркибининг қарийб учдан бири метан ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса метанни аниқ ҳисобга олиш, унинг асосий манбаларини белгилаш, мониторингни кучайтириш ва замонавий технологик ечимларни жорий этишни иқлим сиёсатининг муҳим вазифаларидан бирига айлантиради.

    Ўзбекистон 2022 йилда Global Methane Pledge – Глобал метан мажбуриятига қўшилди. Ушбу ташаббус 2030 йилга қадар глобал метан чиқиндиларини 2020 йил даражасига нисбатан камида 30 фоизга қисқартиришни кўзда тутади.

    Айни вақтда мамлакатнинг янги иқлим мажбуриятлари ҳам бу йўналиш аҳамиятини кучайтирмоқда. NDC 3.0 ҳужжатида 2035 йилга қадар ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари чиқиндиларини 2010 йил даражасига нисбатан 50 фоизга камайтириш мақсади белгиланган. Узоқ муддатли мақсад сифатида эса 2055 йилга қадар углерод нейтраллигига эришиш назарда тутилган.

    Шундай шароитда метан чиқиндиларини қисқартириш мамлакатнинг умумий иқлим мажбуриятларига эришишини тезлаштирувчи муҳим йўналишлардан бири бўлиши мумкин.

    Метан чиқиндиларини қисқартиришнинг аҳамияти фақат глобал исишни секинлаштириш билан чекланмайди. Бу ҳаво сифатини яхшилаш, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигидаги йўқотишларни камайтиришга ҳам хизмат қилади.

    Шу маънода, масала БМТнинг бир нечта Барқарор ривожланиш мақсадлари билан бевосита боғлиқ. Хусусан, у БРМ 3 – Соғлом ҳаёт ва фаровонлик, БРМ 7 — Арзон ва тоза энергия, БРМ 11 — Барқарор шаҳарлар ва аҳоли пунктлари, БРМ 12 – Масъулиятли истеъмол ва ишлаб чиқариш ҳамда БРМ 13 – Иқлим ўзгаришига қарши кураш мақсадларига хизмат қилади.

    Бунда оддий кундалик одатлар ҳам аҳамиятсиз эмас. Озиқ-овқатни исроф қилмаслик, органик чиқиндиларни алоҳида йиғиш ва компостлаш, чиқиндиларни саралаш, барг ва ўсимлик қолдиқларини очиқ майдонда ёқмаслик каби чоралар ҳам экологик босимни камайтиришга ҳисса қўшади. Чунки полигонларда органик чиқиндиларнинг чириши метан ҳосил бўлишининг муҳим манбаларидан биридир.

    Иқлим сиёсати эндиликда фақат CO₂    чиқиндиларини ҳисоблаш билан чекланиб қолмаяпти. Сунъий йўлдошлар метанни космосдан аниқламоқда, сунъий интеллект улкан маълумот оқимини таҳлил қилмоқда, рақамли платформалар эса аниқланган чиқиндилар бўйича тезкор чора кўриш имконини яратмоқда.

    Ўзбекистон учун ҳам бу янги ёндашув катта амалий аҳамиятга эга. Метаннинг мамлакат иссиқхона газлари таркибидаги салмоқли улуши уни аниқ ўлчаш, рақамли мониторингни ривожлантириш, нефть-газ, қишлоқ хўжалиги ва чиқиндилар соҳаларида технологик ечимларни кенг жорий этиш заруратини кўрсатади.

    Энг муҳими, метанни камайтириш – фақат битта газга қарши кураш эмас. Бу бир вақтнинг ўзида иқлимни муҳофаза қилиш, тоза ҳаво, соғлом аҳоли, ресурс тежамкор иқтисодиёт ва барқарор келажак сари ташланган қадамдир.

    Шу нуқтаи назардан, иқлим сиёсатидаги янги тамойилни бир жумла билан ифодалаш мумкин: кўзга кўринмайдиган чиқиндини аниқлаш, аниқланган муаммони эса тезкор ҳаракатга айлантириш.

    

Шарифова Мадинабону,

«Барқарор ривожланиш маркази» ННТ бош мутахассиси