Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигининг пойтахти Аммон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон» асари ҳамда мамлакатимизнинг бугунги тараққиёти, кенг кўламли ислоҳотлари ва янгиланиш жараёнларига бағишланган илмий-маърифий нашрлар тақдимоти доирасида қатор тадбирлар ўтказилди.
Мазкур ташаббуснинг мантиқий давоми сифатида Иорданиянинг турли ҳудудларида «Янги Ўзбекистон» маърифий масканлари ташкил этилиб, уларда мамлакатимизнинг бой тарихий мероси, миллий қадриятлари, бугунги ислоҳотлари, бунёдкорлик салоҳияти ва истиқболли тараққиёт йўли кенг ёритилмоқда.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси аъзолари Иорданиянинг Мафрақ вилояти ҳокими доктор Усома Абдуллоҳ Ал-Ҳошим билан ҳам учрашув ўтказдилар. Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш, маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама этилди.
Шунингдек, делегация аъзолари томонидан Иорданиянинг турли муассасалари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида учрашувлар ташкил этилди. Уларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий-маърифий ислоҳотларнинг моҳияти, эришилаётган натижалар ҳамда мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бораётгани ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Бундай учрашувлар орқали «Янги Ўзбекистон феномени», инсон қадрини улуғлаш, очиқлик ва конструктив ҳамкорликка асосланган тараққиёт тамойиллари, шунингдек, таълим, илм-фан ва маънавият соҳаларидаги ўзгаришлар хорижий жамоатчиликка тақдим этилмоқда.
Ушбу тадбирлар Янги Ўзбекистоннинг бугунги қиёфаси ва тараққиёт суръатлари ҳақида холис тасаввур шакллантириш, халқлар ўртасида ўзаро англашув ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатимизнинг бой маънавий мероси ва салоҳиятини халқаро миқёсда танитишга хизмат қилади.
Барқарор ривожланиш маркази
матбуот хизмати