Сўнгги йилларда Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини модернизация қилиш давлат сиёсатида устувор йўналиш сифатида шаклланди. Бу жараён мамлакатнинг стратегик мақсадлари – барқарор иқтисодий ўсиш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва глобал рақобатбардошликка эришиш билан узвий боғлиқдир.
2019–2025 йиллар давомида амалга оширилган ислоҳотлар нафақат телекоммуникация соҳасини техник жиҳатдан янгилаш, балки унинг ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини мустаҳкамлашга ҳам қаратилди. Давлат томонидан қабул қилинган қатор қарорлар ва дастурлар орқали алоқа операторлари учун қулай бизнес муҳити яратилди, интернет инфратузилмаси кенгайтирилди ва рақамли хизматлар сифатини оширишга эътибор қаратилди. Бу жараённинг муҳим жиҳати шундаки, рақамли ислоҳотлар маҳаллий аҳоли учун кундалик ҳаётда қулайликлар яратиш билан бирга, мамлакатга ташриф буюрадиган сайёҳлар учун ҳам замонавий инфратузилмани таклиф этмоқда. Туристик ҳудудларда Wi-Fi нуқталари кўпайтирилиши, мобил интернет қамровининг кенгайиши ва SIM-карталарни соддалаштирилган тартибда сотиб олиш имконияти Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлигини оширади.
Шу тариқа, 2019–2025 йиллар давомида амалга оширилган ислоҳотлар мамлакатнинг рақамли тараққиёт динамикасини яққол намоён этмоқда. Интернет тезлиги ва сифатининг ошиши, йўлдош алоқа тизимларининг жорий этилиши, операторлар учун солиқ имтиёзлари ва рақамли хизматлар турининг кўпайиши Ўзбекистонни Марказий Осиёда рақамли трансформация жараёнида етакчи давлатлардан бирига айлантирмоқда.
Алоқа операторлари ва инфратузилмадаги ислоҳотлар
Ўзбекистонда телекоммуникация соҳасида қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Бу жараён мамлакатнинг рақамли иқтисодиётга ўтишини тезлаштириш, аҳоли ва бизнес учун тенг имкониятлар яратиш ҳамда глобал рақобатбардошликни таъминлашга қаратилди.
Йўлдош интернет тизимлари. Олис ва тоғли ҳудудларда интернет қамровини таъминлаш, рақамли тенгликка эришиш ва аҳоли учун замонавий хизматлардан фойдаланиш имкониятини яратишга хизмат қилиши мақсадида 2026 йилда Илон Маскнинг SpaceX компаниясидан Starlink сунъий йўлдош тизимини ишга тушириш кутилмоқда. Ундан ташқари шу йилнинг март ойида Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлигида Марказий Осиё учун Европа сунъий йўлдош интернети дастури (TEI Digital Connectivity) бўйича келишувларни имзолади.
Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидалари. 2020 йилда қабул қилинган янгиланган қоидалар мобил алоқа, интернет ва роуминг хизматларини тартибга солишда ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлади. Бу операторлар фаолиятини шаффофлаштириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва хизматлар сифатини оширишга замин яратди. Шу билан бирга, рақобат муҳитини кучайтириш орқали хизматлар нархини пасайтиришга ҳам эътибор қаратилди.
Инфратузилма модернизацияси. 2019–2025 йиллар давомида оптик толали тармоқлар кенгайтирилди, шаҳар ва туман марказларида замонавий дата-марказлар қурилди. Шунингдек, суперкомпьютер кластерлари яратилишига инвестициялар жалб этилди. Бу инфратузилма нафақат интернет тезлиги ва сифатини ошириш, балки миллий рақамли хавфсизликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этди. Замонавий дата-марказлар электрон ҳукумат тизимлари, онлайн хизматлар ва бизнес платформаларнинг барқарор ишлаши учун асосий технологик базага айланди.
Аҳоли учун қулайликлар
2019–2025 йиллар давомида амалга оширилган рақамли ислоҳотлар аҳоли турмуш тарзига тўғридан-тўғри ва сезиларли таъсир кўрсатди. Бу жараён нафақат интернетдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирди, балки кундалик ҳаётдаги кўплаб жараёнларни соддалаштирди ва замонавийлаштирди.
Интернетдан фойдаланувчи аҳоли улуши. 2019 йилда интернетдан фойдаланувчи аҳоли улуши 76,6% атрофида бўлган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 94,2% га етди. Бу ўсиш мамлакатда интернет инфратузилмасининг кенгайиши, мобил алоқа операторлари томонидан LTE ва 5G технологияларининг жорий этилиши ҳамда йўлдош интернет хизматларининг ишга туширилиши билан узвий боғлиқдир. Интернетдан фойдаланувчилар сонининг ортиши аҳолида рақамли саводхонликни оширишга ва замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланишга замин яратди.
Электрон ҳукумат тизими. Давлат хизматларини онлайн тарзда олиш имконияти аҳоли учун катта қулайлик яратди. Электрон ҳукумат тизими орқали турли хизматлар — солиқ тўловлари, коммунал хизматлар, лицензия ва рухсатномаларни олиш жараёнлари соддалаштирилди. Бу аҳоли учун вақт тежамкорлиги ва бюрократик тўсиқларни камайтиришда муҳим омил бўлди. Шу билан бирга, давлат органлари фаолиятида шаффофлик ва ҳисобдорлик даражаси ошди.
Рақамли тўловлар ва мобил иловалар. Банк хизматларининг рақамли платформаларга кўчиши аҳоли учун молиявий операцияларни анча осонлаштирди. Мобил иловалар орқали тўловлар, пул ўтказмалари ва онлайн харидлар оммалашди. Бу жараён аҳолида рақамли молия хизматларидан фойдаланиш маданиятини шакллантирди ва иқтисодиётда нақд пул айланмаси улушини камайтиришга хизмат қилди. Шунингдек, мобил иловалар орқали хизмат кўрсатиш турлари кенгайиб, аҳоли учун банкка бориш зарурати сезиларли даражада камайди.
Ижтимоий ҳаётга таъсири. Интернет ва рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятларининг кенгайиши аҳоли турмуш тарзида янги маданий ва ижтимоий тенденцияларни шакллантирди. Масалан, онлайн таълим платформалари орқали билим олиш имкониятлари кенгайди, телемедицина хизматлари орқали тиббий маслаҳатлар олиш соддалашди, ижтимоий тармоқлар орқали ахборот алмашинуви ва жамоатчилик фикрини шакллантириш жараёнлари тезлашди.
Сайёҳлар учун қулайликлар
Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришда рақамли инфратузилмани кенгайтириш алоҳида аҳамият касб этди. 2019–2025 йиллар давомида амалга оширилган ислоҳотлар мамлакатга ташриф буюрадиган сайёҳлар учун замонавий ва қулай рақамли хизматлар яратишга қаратилди. Бу жараён нафақат туристик жозибадорликни оширди, балки мамлакатнинг рақамли иқтисодиётида туризмнинг улушини кўпайтиришга ҳам хизмат қилди.
Wi-Fi тармоқлари. Меҳмонхоналар, аэропортлар ва вокзалларда Wi-Fi тармоқлари ўрнатилиши мажбурий қилиб белгиланди. Бу сайёҳлар учун интернетга тез ва бепул уланиш имкониятини яратди. Хусусан, транспорт ва туризм инфратузилмасидаги бундай қулайликлар мамлакатнинг халқаро имиджини яхшилашда муҳим омил бўлди.
Махсус SIM-карталар. Миллий мобил операторлар томонидан сайёҳлар учун махсус SIM-карталар жорий этилди. Бу қиммат роуминг хизматларига арзон ва қулай муқобил сифатида таклиф этилди. Сайёҳлар мамлакатга келган заҳоти мобил алоқа ва интернетдан фойдаланиш имкониятига эга бўлди, бу эса уларнинг кундалик ҳаракатларини анча осонлаштирди.
Туристик порталлар ва мобил дастурлар. Туристик порталлар ва мобил дастурлар орқали онлайн брон қилиш, электрон харита ва мобил гид хизматлари кенгайтирилди. Бу сайёҳларга меҳмонхона, транспорт ва саёҳат хизматларини олдиндан брон қилиш имкониятини берди. Шу билан бирга, электрон хариталар ва мобил гид иловалари орқали улар мамлакатдаги маданий ва тарихий объектлар ҳақида тезкор маълумот олиш имкониятига эга бўлди.
Иқтисодий ва ижтимоий таъсир. Туризм соҳасида рақамли инфратузилманинг кенгайиши мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатди. Сайёҳлар учун қулайликлар яратилиши уларнинг қониқиш даражасини оширди, бу эса туризм оқимини кўпайтиришга хизмат қилди. Шу билан бирга, рақамли хизматлар орқали туризм соҳасида шаффофлик ва самарадорлик таъминланди.
Халқаро тажриба билан уйғунлик
Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар глобал рақамли трансформация жараёнлари билан уйғун тарзда амалга оширилди. Бу жараёнда Европа ва Осиё мамлакатлари тажрибаси асосий йўналиш сифатида қабул қилинди.
Европа моделлари. Йўлдош интернет тизимларини жорий этишда Европа мамлакатлари тажрибаси асос сифатида олинди. Хусусан, Германия, Франция ва Скандинавия давлатларида йўлдош интернет орқали олис ҳудудларда қамровни таъминлаш амалиёти Ўзбекистон учун намуна бўлди. Бу моделлар орқали мамлакатда рақамли тенгликка эришиш ва барча ҳудудларда интернет хизматларини таъминлаш мақсад қилинди.
Осиё тажрибаси. Жанубий Корея ва Сингапур тажрибаси рақамли инфратузилмани ривожлантиришда қўлланилди. Жанубий Кореянинг 5G тармоқларини тезкор жорий этиш амалиёти ва Сингапурнинг рақамли хизматлар орқали давлат бошқарувини самарали ташкил этиш тажрибаси Ўзбекистондаги ислоҳотлар учун илҳом манбаи бўлди. Бу тажрибалар мамлакатда интернет тезлигини ошириш, электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш ва аҳоли учун рақамли хизматлар турини кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этди.
Глобал тенденциялар билан уйғунлик. Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар халқаро рақамли иқтисодиёт тенденцияларига мос равишда йўналтирилди. Бу мамлакатнинг рақамли инфратузилмани ривожлантиришда глобал стандартларга яқинлашиши ва халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашига хизмат қилди.
Иқтисодий ва ижтимоий таъсир. Халқаро тажрибани уйғунлаштириш орқали Ўзбекистонда рақамли хизматлар сифатини ошириш, инвестицияларни жалб қилиш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилаш имконияти яратилди. Шу билан бирга, туризм ва бизнес соҳаларида рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайди.
Ўзбекистонда амалга оширилган телекоммуникация ва интернет инфратузилмасини ривожлантиришга оид ислоҳотлар мамлакатнинг рақамли тараққиётини тезлаштириш билан бирга, Барқарор Ривожланиш Мақсадлари (БРМ)га ҳам тўғридан-тўғри хизмат қилмоқда.
БРМ 9 – Саноатлаштириш иновация ва иннфротузилма. Оптик толали тармоқлар, дата-марказлар ва йўлдош интернет тизимларининг жорий этилиши мамлакатда замонавий инфратузилмани шакллантирди. Бу инновацияларни қўллаб-қувватлаш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим омил бўлди.
БРМ 10 – Тенгсизликни камайтириш. Йўлдош интернет орқали олис ва тоғли ҳудудларда қамровни таъминлаш рақамли тенгликка эришишга хизмат қилди. Бу шаҳар ва қишлоқ аҳолиси ўртасидаги рақамли имкониятлар фарқини камайтиришда муҳим қадамдир.
БРМ 8 – Муносиб иш ўринлари ва иқтисодий ўсиш. Рақамли хизматлар ва мобил иловаларнинг оммалашиши янги иш ўринлари яратишга, IT соҳасидаги тадбиркорликни ривожлантиришга ва иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилди.
Ўзбекистонда телекоммуникация ва интернет соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар нафақат миллий рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга, балки БРМ мақсадларига эришишга ҳам хизмат қилмоқда. Рақамли инфратузилманинг кенгайиши, аҳоли ва сайёҳлар учун қулайликлар яратилиши, рақамли тенгликка эришиш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш мамлакатнинг барқарор ривожланиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Барқарор ривожланиш маркази
бош мутахассиси
Шухрат Хожимуродов