Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори (ПҚ–20-сон, 2026 йил 20 январь) қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 майдан бошлаб халқаро “Stent for Life” ва “Action Plan for Stroke” дастурлари асосида ишлаб чиқилган Инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий дастури ҳудудларда босқичма-босқич жорий этилади.
Миллий дастур доирасида:
- 30 ёшдан ошган аҳоли ўртасида йилига бир марта мақсадли тиббий кўриклар ўтказилади;
- инфаркт ва инсульт бўйича туну кун ишловчи махсус бригадалар фаолияти йўлга қўйилади;
- беморларни даволашнинг халқаро стандартларга асосланган клиник маршрутлари жорий этилади;
- тез тиббий ёрдам хизматлари замонавий телеметрик ускуналар билан таъминланади.
Ушбу чора-тадбирлар аҳоли саломатлигини сақлаш, инфаркт ва инсультдан ўлим ҳамда асоратлар кўрсаткичини камайтиришга хизмат қилади.