Бугунги кунда ижтимоий муаммоларни ҳал этишда давлат идоралари билан бир қаторда фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва хусусий секторнинг ҳамкорлиги тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Бироқ, ҳар қандай ташаббуснинг қадри фақат унинг амалга оширилиши билан эмас, балки одамлар ҳаётида қандай ижобий ўзгаришларга сабаб бўлгани билан ўлчанади. Шу нуқтаи назардан, ижтимоий лойиҳаларнинг самарадорлигини ошириш, уларнинг натижаларини барқарор сақлаб қолиш ва илғор халқаро тажрибани миллий амалиётга татбиқ этиш долзарб вазифалардан биридир.
Барқарор ривожланиш маркази Халқаро алоқалар ва лойиҳалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Муслим Эргашбаев билан суҳбат.
Хўш, ижтимоий ташаббуслар ҳақиқий натижа бериши учун нималарга эътибор қаратиш лозим? Халқаро тажрибада қандай самарали ёндашувлар мавжуд ва улардан Ўзбекистон шароитида қандай фойдаланиш мумкин?
– Бугунги кунда ижтимоий ташаббусларнинг самарадорлигини оширишда қайси жиҳатларга эътибор қаратиш зарур?
– Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, давлат ижтимоий буюртмалари ва грантлар ажратиш, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий ҳамда ташкилий механизмлари шаклланган. Эндиликда уларнинг амалий натижадорлигини ошириш муҳим вазифалардан биридир. Бунинг учун ижтимоий лойиҳаларни баҳолашда ўтказилган тадбирлар ёки иштирокчилар сони билан чекланмасдан, аҳоли ҳаётида юз берган ўзгаришларни ҳам ҳисобга олиш зарур. Масалан, ёшларни касбга ўқитиш дастурининг натижаси фақат битирувчилар сони билан эмас, уларнинг ишга жойлашиши ва меҳнат фаолиятини давом эттириши билан ҳам белгиланиши керак.
Яна бир долзарб масала муваффақиятли ташаббусларнинг грант муддати тугагач тўхтаб қолишидир. Бунга кўпинча лойиҳа натижаларидан кейинчалик қайси ташкилот фойдаланиши ва бунинг учун қандай ресурслар талаб этилиши олдиндан белгиланмагани сабаб бўлади. Шу боис ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда уларнинг амалий самараси билан бир қаторда, эришилган натижалардан келгусида фойдаланиш имкониятларини ҳам кўзда тутиш мақсадга мувофиқ.
– Халқаро тажрибада ижтимоий лойиҳаларни молиялаштиришнинг қандай самарали усуллари мавжуд?
– Туркияда БМТ Тараққиёт дастури ва хусусий сектор ҳамкорлигида ҳаётга жорий этилган BOOST Civil Society Technology Challenge дастури эътиборга молик. Унда дастлаб 20 та жамоат ташкилоти уч ойлик ўқув ва экспертлик кўмаги дастурида иштирок этган. Кейинги босқичда истиқболли деб топилган бешта ташкилотга 24 ҳафталик қўшимча кўмак ва ўз ишланмаларини ривожлантириш учун 10 минг АҚШ долларигача маблағ олиш имконияти берилган.
Ушбу тажрибанинг асосий афзаллиги ижтимоий ташаббусларни босқичма-босқич ривожлантиришга асосланганидир. Дастлаб ташкилотларга ўз ғояларини такомиллаштириш ва уларнинг амалий имкониятларини текшириш учун шароит яратилади. Кейин эса истиқболли ечимларга қўшимча ресурслар йўналтирилади.
Масалан, ногиронлиги бўлган ёшларни ишга жойлаштиришга оид янги дастурни дастлаб кичик гуруҳда синовдан ўтказиш мумкин. Бу орқали касбий тайёргарликнинг қайси усуллари ва иш берувчилар билан ҳамкорликнинг қандай шакллари яхши натижа бераётгани аниқланади. Ана шу маълумотлар асосида лойиҳани кенгайтириш тўғрисида қарор қабул қилиш молиявий хавфларни камайтиришга хизмат қилади.
– Грант ёки халқаро дастур якунланганидан кейин ижтимоий лойиҳалар натижаларини сақлаб қолиш борасида қандай тажрибалар мавжуд?
– Индонезиядаги SINERGI дастури бу жиҳатдан қизиқарли. Ёшлар бандлигини қўллаб-қувватлашга доир мазкур ташаббус давлат муассасалари, жамоат ташкилотлари, таълим марказлари ва хусусий корхоналар ҳамкорлигида амалга оширилган. Дастурга 300 дан ортиқ компания жалб этилган, 15 мингдан зиёд ёшлар қамраб олинган ҳамда ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд гуруҳларга мансуб 1500 нафардан ортиқ ёш учун янги бандлик имкониятлари яратилган.
Мазкур тажрибанинг муҳим жиҳати касбий таълимни иш берувчилар эҳтиёжлари билан боғлаш ва муваффақиятли ечимларни маҳаллий режалаштириш ҳамда молиялаштириш механизмлари орқали давом эттиришга интилишдир. Масалан, ННТ томонидан ишлаб чиқилган касбга ўқитиш услуби яхши натижа берса, ундан кейинчалик тегишли таълим муассасалари фойдаланиши мумкин. Бунинг учун лойиҳа бошланишидан олдин манфаатдор муассасалар билан келишиш, мутахассисларни тайёрлаш ва зарур ресурсларни аниқлаш муҳим. Бундай ёндашув самарали ишланмаларни доимий равишда янги грантларга боғлаб қўймасдан, мавжуд имкониятлардан фойдаланишга ёрдам беради.
– Ижтимоий шерикликда ташкилотлар ўртасидаги масъулиятни белгилаш қанчалик муҳим?
– Бу борада Ҳиндистоннинг TESTA дастури диққатга сазовор. У одам савдосидан жабрланган шахсларга ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, давлат муассасалари, ҳуқуқий хизматлар, ижтимоий ходимлар ва жамоат ташкилотларини бирлаштирган. Дастурда ҳамкорлик бўйича масъулият алоҳида ходимларга эмас, тегишли муассасаларга бириктирилган. Натижада масъул шахс алмашганда ҳам ташкилот зиммасидаги вазифалар сақланиши назарда тутилган.
Бу тажриба Ўзбекистондаги ижтимоий ва халқаро лойиҳалар учун ҳам аҳамиятли. Хусусан, ҳамкорлик келишувларида ҳар бир ташкилотнинг вазифаси, ижро муддатлари, ахборот алмашиш тартиби ва кадрлар алмашганда тугалланмаган ишларни давом эттириш механизмини аниқ белгилаш лозим. Бу қўшма ташаббусларнинг алоҳида шахсларга боғлиқлигини камайтириб, ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликнинг изчиллигини таъминлайди.
– Ушбу халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш тизимини қандай такомиллаштириш мумкин?
– Аввало, давлат ижтимоий буюртмалари ва грант танловларида лойиҳаларни баҳолаш мезонларини янада аниқлаштириш муҳим. Ташкилот тақдим этган таклифда фақат бажариладиган ишлар эмас, балки ҳал этилиши кўзда тутилган муаммонинг кўлами, кутилган натижалар ва уларни аниқлаш усуллари ҳам асослаб берилиши лозим. Бу танлов жараёнида ижтимоий аҳамиятга эга ташаббусларни ажратиб олишга ёрдам беради.
Иккинчидан, янги ижтимоий хизматлар ёки ўқитиш услубларини ишлаб чиқишга қаратилган грантлар учун дастлабки синов босқичини жорий этиш мумкин. Бунда ташкилотга ўз таклифини кичик миқёсда текшириш имконияти берилади. Қўшимча маблағ ажратиш масаласи эса мустақил баҳолаш натижалари асосида ҳал қилинади. Бу усулдан барча лойиҳаларда эмас, аввало, янги ечимларнинг самарадорлигини амалда текшириш зарур бўлган йўналишларда фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Учинчидан, ижтимоий лойиҳалар натижаларини баҳолашда уларнинг хусусиятидан келиб чиқиш керак. Масалан, бандлик дастурларида иштирокчиларнинг қанчаси ишга жойлашгани ва олти ойдан кейин ҳам меҳнат фаолиятини давом эттираётгани аниқланиши лозим. Шу билан бирга, эришилган натижалар сарфланган маблағлар билан солиштирилса, қайси ёндашув иқтисодий жиҳатдан самаралироқ эканини баҳолаш мумкин.
Самарадорлиги тасдиқланган ижтимоий лойиҳаларнинг ишланмалари ва тажрибасидан бошқа ташкилотлар ҳам фойдаланиши учун имконият яратиш зарур. Бунинг учун тегишли давлат муассасалари, ННТлар ва олий таълим ташкилотлари ҳамкорлигида муваффақиятли ечимларни ўрганиш ҳамда уларни амалиётга татбиқ этиш тартибини ишлаб чиқиш мумкин.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат ижтимоий буюртмалари ва грантлар орқали нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш билан бирга, ушбу жараёнларни рақамлаштиришга ҳам эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ngo.gov.uz ягона электрон платформаси орқали грант танловларига ариза топшириш, уларнинг кўриб чиқилишини кузатиш ва танлов йўналишлари муҳокамасида иштирок этиш имкониятлари яратилган.
Келгусида мазкур платформанинг имкониятларини кенгайтириб, молиялаштирилган лойиҳаларнинг ижтимоий натижаларини ҳам акс эттириш мақсадга мувофиқ. Хусусан, ажратилган маблағлар ва бажарилган ишлар ҳақидаги маълумотлар билан бир қаторда, лойиҳа туфайли қандай ўзгаришларга эришилгани ҳамда бу натижалар грант якунланганидан кейин қай даражада сақланиб қолгани ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш мумкин. Бу давлат маблағлари ҳисобидан қўллаб-қувватланган ташаббусларнинг самарадорлигини таҳлил қилиш ва кейинги грант танловлари йўналишларини белгилашда аввалги тажрибадан фойдаланиш имконини беради.
Мазкур чораларни амалдаги механизмлар доирасида, қонунчилик талабларини ҳисобга олган ҳолда босқичма-босқич қўллаш давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ижтимоий шерикликнинг натижадорлигини оширишга хизмат қилади. Бу эса Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда мавжуд маблағ ва имкониятлардан янада самарали фойдаланиш учун муҳимдир.