Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятида барқарор ривожланиш мақсадларининг ўрни

19-02-2026 56

        XXI аср тараққиёти глобал миқёсда янги ёндашув ва масъулиятни талаб этмоқда. Иқтисодий ўсиш, ижтимоий адолат ва экологик барқарорлик ўртасида мувозанатни таъминлаш инсоният олдидаги энг муҳим вазифалардан бирига айланди. 2015 йилда БМТ томонидан қабул қилинган “2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартиби” айнан шу мақсадга хизмат қилади. Унда белгиланган 17 та Барқарор ривожланиш мақсадлари дунё давлатлари учун умумий тараққиёт дастури сифатида намоён бўлди. Мазкур мақсадларни амалга оширишда давлат ташкилотлари билан бир қаторда фуқаролик жамияти институтлари ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

        Барқарор ривожланиш концепцияси иқтисодий ўсишни жамият фаровонлиги ҳамда табиий ресурсларни асраш билан уйғунлаштиришни назарда тутади. Қашшоқликни қисқартириш, сифатли таълимни таъминлаш, гендер тенгликка эришиш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва самарали институтларни шакллантириш каби вазифалар ўзаро узвий боғлиқ бўлиб, уларни бир бутун тизим сифатида амалга ошириш талаб этилади. Шу жиҳатдан, барқарор ривожланиш давлатнинг якка ҳаракати билан эмас, балки кенг жамоатчилик иштироки, очиқ мулоқот ва ҳамкорлик орқали таъминланадиган жараён ҳисобланади. Бу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари муҳим бўғин сифатида майдонга чиқади.

        Айнан шу мақсадлардан келиб чиққан ҳолда, Урганч шаҳрида 18 февраль куни Швейцария Тараққиёт ва Ҳамкорлик Агентлигининг (SDC) Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида ҳамда “Юксалиш” ҳаракати ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда маҳаллий фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш ва мулоқот платформаларини яратиш” лойиҳаси доирасида ўтказилган давра суҳбатида Барқарор ривожланиш маркази вакиллари иштирок этиб, мавжуд муаммолар ва истиқболли йўналишлар юзасидан фикр алмашдилар.

        Давра сухбатида Барқарор ривожланиш маркази Хоразм вилояти бўлинмаси раҳбари Б.Рузметов “Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятида барқарор ривожланиш мақсадларининг ўрни”    мавзусида маъруза билан иштирок этди.    

        Б.Рузметов ўз маърузасида қуйидаги масалаларни урғулади. “Фуқаролик жамияти институтлари деганда нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат бирлашмалари, касаба уюшмалари, оммавий ахборот воситалари, мустақил таҳлил марказлари, маҳалла тузилмалари ва бошқа ижтимоий институтлар тушунилади. Улар давлат ва жамият ўртасида ўзаро мулоқотни таъминлайди, аҳоли манфаатларини ифода этади ва ижтимоий ташаббусларни илгари суради. Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда айнан шу институтлар аҳолининг турли қатламларини жалб этиш, ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва уларга манзилли ечим таклиф қилиш имкониятига эга”.

        

        Аввало, фуқаролик жамияти институтлари барқарор ривожланиш ғоясини оммалаштиришда муҳим роль ўйнайди. Аҳолининг барқарор ривожланиш мазмун-моҳиятини англаши, унинг мақсад ва вазифаларини тушуниши жамоатчилик иштирокининг асосий шартидир. Нодавлат ташкилотлар, мустақил экспертлар ва фаол жамоатчилик вакиллари орқали аҳолининг ҳуқуқий ва экологик маданияти оширилади, ижтимоий масъулият ҳисси шакллантирилади.

        Шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш орқали БРМнинг амалиётга татбиқ этилишига бевосита ҳисса қўшади. Кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, инклюзив таълимни ривожлантириш, экологик ташаббусларни илгари суриш каби йўналишларда амалга оширилаётган фаолият барқарор ривожланиш тамойилларини жамият ҳаётига сингдиришга хизмат қилади. Айниқса, ижтимоий хизматларни аҳолига яқинлаштириш ва манзилли ёрдам кўрсатишда нодавлат секторнинг иштироки самарадорликни оширади.

        Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда шаффофлик ва ҳисобдорлик муҳим ўрин тутади. Бу борада фуқаролик жамияти институтлари жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали давлат дастурлари ижросини мониторинг қилади, таҳлиллар ўтказади ва таклифлар ишлаб чиқади. Бу эса давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга, коррупция ва самарасизлик ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.

        Ўзбекистонда сўнгги йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлат грантлари, ижтимоий буюртмалар ва шериклик механизмлари жорий этилмоқда. Бу эса барқарор ривожланиш мақсадларини миллий даражада амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

        Шу билан бирга, соҳада айрим муаммолар ҳам мавжуд. Нодавлат ташкилотларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, кадрлар салоҳиятини ошириш, ҳудудлардаги институтларнинг фаоллигини кучайтириш, давлат органлари билан самарали мулоқот механизмларини янада такомиллаштириш долзарб вазифалардан ҳисобланади. Барқарор ривожланишга эришиш учун давлат, хусусий сектор ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, “уч томонлама шериклик” моделини ривожлантириш мақсадга мувофиқдир.

        Хулоса қилиб айтганда, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш – бу умуммиллий ва умуминсоний вазифадир. Фуқаролик жамияти институтлари мазкур жараёнда жамият манфаатларини ифода этувчи, ижтимоий фаолликни рағбатлантирувчи ва давлат сиёсатининг самарадорлигини таъминловчи муҳим куч сифатида намоён бўлади. Уларнинг институционал ривожланиши ва фаол иштирокисиз барқарор тараққиётга эришиш мушкул. Шу боис фуқаролик жамияти институтларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг барқарор ривожланиш жараёнидаги ўрнини мустаҳкамлаш келгуси тараққиётнинг асосий омилларидан бири бўлиб қолади.

    Б.Рузметов

        Барқарор ривожланиш маркази    

    Хоразм вилояти бўлинмаси раҳбари