2026 йил 3 март куни Хоразм вилояти малака ошириш институти мажлислар залида вилоятнинг шаҳар ва туманлари фуқаролар йиғини раислари иштирокида “Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирни фуқаролар йиғини раислари малакасини ошириш курслари раҳбари И.Маткаримов кириш сўзи билан очиб, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштириш, маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги аҳамиятини янада кучайтириш бугунги ислоҳотлар жараёнида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Давра суҳбати давомида бир қатор маърузалар тингланди. Жумладан, И.Маткаримов “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларида фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари” мавзусида маъруза қилиб, мазкур тизим фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий механизмлар ва уларнинг амалиётдаги аҳамияти ҳақида атрофлича тўхталди. Барқарор ривожланиш маркази Хоразм вилояти бўлинмаси раҳбари, профессор Бахтиёр Рузметов “Ўзбекистон - 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларни самарали амалга оширишда “маҳалла еттилиги”нинг ўрни ва роли” ҳақида фикр юритиб, маҳалла институти жамиятни барқарор ривожлантиришда муҳим ижтимоий механизм сифатида хизмат қилаётганини таъкидлади. Шунингдек, Маъмун университети доценти Ғ.Сапоев маҳаллаларда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли муаммоларини ҳал этишда жамоатчилик назоратини кучайтириш, мутасаддиларнинг аҳоли олдида ҳисобот бериш тартиб-тамойиллари юзасидан маъруза қилди.
Профессор Б.Рузметов ўз маърузасида “Ўзбекистон - 2030” стратегиясида белгиланган бешта устувор йўналишнинг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб, уларни амалга оширишда маҳалланинг ўрни муҳим эканини таъкидлади. Жумладан, ҳар бир инсоннинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитлар яратиш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда халқ хизматидаги давлат бошқарувини шакллантириш, шунингдек “хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш каби вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
“Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” давлат дастурини амалга ошириш доирасида маҳаллаларда мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни самарали ҳал этишга қаратилган амалий тавсиялар берилди. Давра суҳбати иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари ҳамда савол-жавоблар билан мазмунли ва самарали тарзда ўтди.
Б.Рузметов
Барқарор ривожланиш маркази Хоразм
вилоят бўлинмаси раҳбари профессор