Фуқаролар учун бюджет – 2026 лойиҳа
Давлат бюджети ва барқарор ривожланишга йўналтирилган харажатлар
2026 йил учун давлат бюджети параметрлари ва солиқ сиёсати лойиҳаси эълон қилинди.
Давлат бюджети харажатларининг умумий кўрсаткичлари
Давлат бюджетининг 2026 йил учун харажатлари 402,4 трлн сўм ёки ЯИМнинг 20,4 фоизи (2025 йилда 388,9 трлн сўм ёки ЯИМнинг 22,6 фоизи бўлиши кутилмоқда) этиб прогноз қилинмоқда.
Бу кўрсаткичлар 2026 йилда давлат харажатлари ҳажми ўсишини, бироқ ЯИМга нисбатан улушининг қисқаришини англатади. Мазкур ҳолат бюджет сиёсатининг янада мувозанатли ва самарали йўналишга ўтаётганидан далолат беради.
Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадларни амалга ошириш учун давлат бюджети харажатлари 2026 йилда 300,5 трлн сўм йўналтирилиши кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, жами давлат бюджети харажатларидаги улуши 74,7 фоизни ташкил этади.
БРМ бўйича харажатлар кесимида:
Энг кўп маблағлар 4-мақсад. Умумқамровли ва адолатли сифатли таълимни таъминлаш ҳамда барчага бутун умри давомида таълим олиш имкониятини рағбатлантириш мақсадига 94,8 трлн сўм, жами харажатларнинг 23,6 фоизи йўналтирилмоқда.
Шунингдек, иккинчи ўринда энг кўп 3-мақсад. Соғлом турмуш тарзини таъминлаш ва барча ёшдаги кишиларнинг фаровонлигига кўмаклашиш мақсадига 47,6 трлн сўм, жами харажатларнинг 11,8 фоизи йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.
Умуман олганда, 2026 йил бюджети давлатнинг иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлаш ҳамда барқарор тараққиётга эришишга қаратилган стратегик ёндашувини акс эттириб, молиявий ресурслардан самарали фойдаланишга йўналтирилганини кўрсатади.