Филиппин Глобал Компаκт Тармоғи (GCNP) Макати шаҳрида бўлиб ўтган “Sustainability Summit 2025”да хусусий сектор вакилларини Барқарор ривожланиш мақсадлари(БРМ)ни тез ва самарали амалга оширишга қаратилган “Forward Faster” ташаббусини жорий этишга чақирди. Тадбирда БМТ, йирик трансмиллий корпорациялар, давлат муассасалари ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди. 2025-йилда жаҳонда барқарор ривожланиш жараёнларига эришиш 18 фоизни ташкил этмоқда. Бизнес секторини ривожлантириш учун бешта асосий йўналиш белгилаб олинди:
- иқлим бўйича қатъий чоралар,
- гендер тенглигини таъминлаш,
- муносиб турмуш даражаси,
- сув ресурсларининг барқарор бошқаруви
- БРМга мос инвестициялар.
Соҳа вакиллари таъкидлаганидек, барқарорлик эндиликда компаниянинг шунчаки имиджи эмас, балки бизнес қарорлари, сармоя тақсимоти ва корпоратив стратегияларнинг асосий қисмига айланган.
Халқаро компаниялар раҳбарлари таъкидлаганидек, экологик ва ижтимоий ечимларни жорий этиш бизнес самарадорлигини оширмоқда. Улар тоза энергиядан фойдаланиш, ресурсни тежайдиган технологияларни қўллаш ва барча учун тенг шароит яратадиган меҳнат муҳитини ривожлантириш компанияларнинг рақобатбардошлигини кучайтиришини айтдилар. Шу нуқтаи назардан, “Инсоният учун фойдали бўлган нарса бизнес учун ҳам фойдали” деган тамойил амалда ўз исботини топаётгани қайд этилди. Шунингдек, барқарор ривожланиш жараёнларига кичик ва ўрта бизнесни қўшиш зарурлиги айтилди, чунки кўп давлатларда иқтисодиётнинг асосий улуши – 90 фоиздан зиёди айнан шу секторга тўғри келади.
Forward Faster Commitment Wall доирасида белгиланган мажбуриятлар нафақат Филиппин учун, балки глобал барқарор ривожланиш жараёнлари учун ҳам туртки бўлиши мумкинлиги айтилди. Мутаҳассислар фикрича, ушбу ташаббус амалга оширилиши натижасида экология соҳасида кескинроқ чоралар кўрилиши, гендер тенглиги бўйича самарали натижа кузатилиши, ресурсни тежайдиган технологиялар янада оммалашиши ва корпоратив ҳисобдорлик кучайиши кутилмоқда. Шу билан бирга, БРМга мос инвестицияларнинг ўсишига ҳам ижобий таъсир қилиши айтилди. Умуман, GCNPнинг бу қадами бизнесни жаҳон миқёсида барқарор келажакни таъминлашда муҳим ҳаракатлантирувчи куч сифатида намоён қилишга ва БРМга эришиш суръатларини тезлаштиришга хизмат қилиши мумкин.