Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Экологик барқарорлик ва тараққиёт: пластик ифлосланишга қарши глобал ечим

03-10-2026 30

    Пластик замонавий ҳаётнинг ажралмас қисмига айланди. У саноат, тиббиёт, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлашдан тортиб кундалик рўзғор буюмларигача кенг қўлланилади. Бироқ пластик маҳсулотлардан, айниқса, бир марталик буюмлардан ортиқча фойдаланиш ва уларнинг чиқиндиларини самарали бошқаришдаги муаммолар сув ва қуруқлик экотизимларига тобора кучли босим ўтказмоқда.

    Бугун масала фақат кўчалар, дарёлар ёки денгизларда тўпланиб қолаётган чиқиндилар ҳақида эмас. Пластикнинг майда заррачаларга парчаланиши, уларнинг табиий муҳитга тарқалиши ҳамда тирик организмлар билан ўзаро таъсири муаммони янада мураккаб-лаштирмоқда. Шу боис пластик ифлосланиш экологик хавфсизлик, биологик хилма-хиллик ва инсон саломатлиги билан боғлиқ комплекс глобал масала сифатида қаралмоқда.

    БМТнинг Атроф-муҳит дастури - UNEP маълумотларига кўра, ҳар йили 19-23 миллион тонна пластик чиқинди сув экотизимларига - кўллар, дарёлар ва денгизларга тушади. Самарали чоралар кўрилмаса, 2040 йилга бориб сув экотизимларига тушадиган пластик чиқиндилар ҳажми қарийб уч баравар кўпайиши мумкин.

    Пластик ифлосланиш давлат чегараларини тан олмайди. Дарёга ташланган чиқинди бошқа ҳудудга, денгизга ёки океанга етиб бориши мумкин. Шунинг учун бу муаммони фақат миллий чора-тадбирлар билан ҳал этиш қийин.

    Шу мақсадда БМТ доирасида пластик ифлосланишга, жумладан, денгиз муҳитидаги ифлосланишга қарши халқаро миқёсда ҳуқуқий мажбурий ҳужжат ишлаб чиқиш бўйича музокаралар давом этмоқда.

    2026 йил 27-30 сентябрь кунлари Бангкокда БМТнинг Ҳукумат-лараро музокаралар қўмитаси - INC доирасида делегациялар раҳбар-ларининг иккинчи норасмий учрашуви бўлиб ўтди. Мазкур мулоқот келгусидаги INC-5.4 музокараларига тайёргарлик жараёнининг бир қисми бўлиб, унда томонлар ўртасидаги позицияларни яқинлаштириш ва ҳал этилмаган масалалар бўйича умумий ёндашувларни излашга эътибор қаратилди.

    Бу ерда муҳим бир жиҳат бор: гап пластикни ҳаётимиздан бутунлай чиқариб ташлаш ҳақида эмас. Асосий масала зарур бўлмаган истеъмолни камайтириш, чиқинди ҳосил бўлишининг олдини олиш ва пластикнинг бутун ҳаётий циклини самарали бошқариш.

    Узоқ йиллар давомида экологик сиёсатда чиқинди пайдо бўлгандан кейин уни йиғиш, ташиш ва қайта ишлашга асосий эътибор қаратилди. Замонавий ёндашув эса муаммонинг оқибати билан эмас, аввало, манбаси билан ишлашни талаб қилмоқда.

    Маҳсулот қандай лойиҳаланади? Уни ишлаб чиқаришда қанча ресурс сарфланади? У бир марта ишлатилиб ташланадими ёки қайта фойдаланиш мумкинми? Ишлатилгандан кейин қайта ишланадими?

    Ана шу саволлар экологик сиёсатнинг янги кун тартибини белгиламоқда.

    Бу жараёнда айланма иқтисодиёт (circular economy) модели муҳим аҳамиятга эга. Унинг асосий ғояси ресурсдан бир марта фойдаланиб, кейин уни чиқиндига айлантириш эмас, балки маҳсулот ва материалларни имкон қадар узоқ вақт иқтисодий айланмада сақлашдир. UNEP ҳам пластик ифлосланишга қарши чораларни ресурслардан самарали фойдаланишга асосланган айланма иқтисодиётга ўтиш билан боғлайди.

    Оддий қилиб айтганда, анъанавий модел:    хом ашё – маҳсулот – истеъмол – чиқинди    кўринишида бўлса, айланма иқтисодиёт:    хом ашё – маҳсулот – истеъмол – қайта фойдаланиш – қайта ишлаш – янги маҳсулот    тамойилига асосланади.

    Яна бир муҳим йўналиш - ишлаб чиқарувчининг кенгайтирилган масъулияти (Extended Producer Responsibility - EPR).

    Унинг моҳияти шундаки, маҳсулот ишлаб чиқарган корхонанинг масъулияти товарни сотиш билан тугамаслиги керак. Маҳсулот истеъмолдан чиққандан кейин уни йиғиш, қайта ишлаш ёки экологик хавфсиз бошқариш масалаларида ҳам ишлаб чиқарувчининг иштироки назарда тутилади.

    Бундай ёндашув бизнесни маҳсулотни дастлабки лойиҳалаш босқичидаёқ унинг экологик оқибатлари ҳақида ўйлашга ундайди. Масалан, қадоқни енгиллаштириш, қайта ишланадиган материалдан фойдаланиш ёки бир марталик маҳсулот ўрнига кўп марта ишлатиладиган муқобилни яратиш иқтисодий қарор билан бир вақтда экологик қарорга ҳам айланади.

    Шундай қилиб, энг самарали чиқинди сиёсати – чиқиндини унинг пайдо бўлишини имкон қадар камайтиришдир.

    Пластик ифлосланиш масаласи БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳам узвий боғлиқ. Бу, айниқса, BRM 12 - “Масъулият-ли истеъмол ва ишлаб чиқариш” ҳамда BRM 14 - “Сув остидаги ҳаёт” мақсадлари нуқтаи назаридан муҳим. Чунки табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, чиқиндиларни камайтириш, қайта ишлашни кенгайтириш ва сув экотизимларини ифлосланишдан муҳофаза қилиш бир-бири билан чамбарчас боғланган вазифалардир.

    Шу нуқтаи назардан пластик муаммоси оддий чиқинди муаммосидан анча кенг. У қандай ишлаб чиқарамиз, қанча истеъмол қиламиз ва фойдаланилган ресурс билан кейин нима қиламиз, деган саволларни кун тартибига қўяди.

    Экологик талабларни кучайтириш иқтисодиёт учун фақат қўшимча харажат дегани эмас. Янги талаблар ресурс тежамкор технологиялар, экологик тоза материаллар, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш, инновацион қадоқлаш ҳамда “яшил” хизматлар бозорининг ривожланишига туртки бериши мумкин.

    Айни пайтда бундай ўзгаришлар муайян мослашув даврини ҳам талаб қилади. Корхоналарга янги технологиялар учун инвестиция зарур бўлади, қайта ишлаш инфратузилмасини кенгайтиришга эҳтиёж ортади, айрим анъанавий иш ўринлари ўзгариши мумкин. Ходимларни янги касбларга тайёрлаш ва экологик муқобил маҳсулотларни аҳоли учун иқтисодий жиҳатдан мақбул қилиш ҳам муҳим вазифага айланади.

    Шу сабабли экологик сиёсат тақиқ ва чекловларнинг ўзи билан чекланиб қолмаслиги, балки иқтисодий рағбатлар, инновациялар, замонавий инфратузилма ва аҳолининг экологик маданиятини ошириш билан уйғун олиб борилиши зарур.

    Пластик ифлосланишнинг кўлами шуни кўрсатмоқдаки, экологик муаммоларни бир томонлама ёндашув билан ҳал этиб бўлмайди. Давлат самарали қоидаларни белгилаши, бизнес ресурс тежамкор ва экологик масъулиятли ишлаб чиқаришга ўтиши, жамият эса масъулиятли истеъмол маданиятини шакллантириши керак.

    Энг муҳими, экологик барқарорлик иқтисодий тараққиётга унинг сифатини белгилайдиган муҳим омил сифатида қаралиши лозим.

    БМТ доирасида пластик ифлосланиш бўйича давом этаётган глобал мулоқотнинг аҳамияти ҳам шунда. У фақат пластик чиқиндиларни қандай камайтириш масаласини билан чекланмай,        келажакда қандай ишлаб чиқариш, қандай истеъмол қилиш ва табиий ресурслардан қандай фойдаланиш кераклиги ҳақидаги кенгроқ саволни ўртага қўймоқда.

    Зеро, барқарор тараққиётнинг мазмуни фақат иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари билан белгиланмайди. Инсон фаровонлиги, иқтисодий тараққиёт ва табиий муҳит ўртасидаги мувозанатни сақлаш - бугунги авлоднинг келажак авлодлар олдидаги энг муҳим масъулиятларидан биридир.

    Шарифова Мадинабону,

    “Барқарор ривожланиш маркази” ННТ бош мутахассиси