Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Экологик мавзуларнинг ёритилиши қониқарлими? (+видео)

19-08-2026 490

    Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Барқарор ривожланиш маркази ҳамкорлигидаги «Мақсад» лойиҳасининг бу галги сонида экологик муаммоларнинг оммавий ахборот воситаларида (ОАВ) ёритилиши мавзусига тўхталдик. «Барқарор ривожланиш мақсадлари» ойлиги доирасида ташкил этилган суҳбатимизда филология фанлари доктори, профессор, «Ekolog» жамоат бирлашмаси раҳбари ҳамда «ekologuz» Telegram канали ва платформаси асосчиси, экожурналист Наргис Қосимова меҳмон бўлди.

    — Бугун экологик муаммолар кўлами кенгайиб бораётган бир пайтда экологик журналистиканинг жамиятдаги ўрни қандай бўлиши керак, унинг асосий вазифаси нимадан иборат?

    — Жамият учун экожурналистика жуда муҳим. Чунки қандай экологик муаммолар мавжуд, улар нимаси билан хавфли, уларга қандай ечим топиш керак — мана шу каби саволларга жавоб топишда экологик журналистика муҳим ўрин тутади. Юртимизда 20 дан ортиқ журналистика факультети бор. Афсуски, журналистика йўналишидаги барча олий таълим муассасалари ва факультетларда экожурналистика йўналиши мавжуд эмас. У фақат Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетига киритилган, холос.

    Бу қандай оқибатларга олиб келади? Эртага журналист бирор жойда дарахт кесилаётгани, сув ифлослантирилаётгани ёки бирор ҳайвон қийноққа солинаётгани ҳақида материал тайёрлаши керак бўлса, у экологик муаммони тушунмай туриб материал тайёрлайди. Лекин бу материалнинг сифати қай даражада бўлади — бу иккинчи масала бўлиб қолади. Афсуски, мана шундай юзаки, чуқур таҳлил қилинмаган экоматериаллар кўпайиб кетяпти.

    — Юртимизда экологик мавзуларнинг ОАВда ёритилиш ҳолати қай даражада?

    — Экологик мавзуларнинг ёритилишини ўн баллик тизимда баҳолайдиган бўлсак, мен уч балл қўйган бўлардим. Чунки экожурналист сифатида фикримча, ҳар қандай экологик материал аҳолининг, ўқувчининг онгини ўзгартириши керак.

    — Мамлакатимизда қайси экологик муаммолар ОАВда етарлича ёритилмаяпти? Экологик муаммоларни ёритишда ОАВ кўпроқ муаммони кўрсатиши керакми ёки ечимларни?

    — Сўнгги пайтларда глобал иқлим ўзгариши муаммоси жуда кўп кўтариляпти. Лекин кўпчилик глобал иқлим ўзгариши нималигини, унинг оқибатларини тушунмайди, моҳиятини чуқур англаб етмаяпти. Ёки иқлим миграцияси деган тушунча пайдо бўлди. Булар борасида етарлича таҳлиллар йўқ.

    Журналист муаммони кўтариб чиқади, у халқ билан ҳукумат ўртасида кўприк вазифасини ўтайди. Муаммоларни кўтариб чиқиш билан бирга, унинг ечимини ҳам, албатта, бериши керак. Фақат бунда ечимни журналистларнинг ўзи эмас, соҳа бўйича мутахассис, эколог бериши керак, деб ўйлайман. Шунда ҳозирги мавжуд экологик муаммоларнинг кўпчилиги бартараф этилган бўлар эди.

    Экожурналист билан суҳбатимиз давомида экологик муаммоларни ёритишда журналистлар қандай қийинчиликларга дуч келаётгани, экологик фейкларни аниқлаш, фактчекинг қилиш, аҳолининг экологик онгини шакллантиришда ОАВнинг қайси форматлари энг самарали экани, экологик журналистикани ривожлантириш учун нималар қилиш кераклиги каби кўплаб долзарб масалалар хусусида сўз борди.


Batafsil: https://uza.uz/posts/897168



    Муҳтарама Комилова,

    Ойбек Давронов, Анвар Аҳмедов (видео), ЎзА