Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Дорихонада 7 дақиқалик текширув: Англия тажрибаси ва Ўзбекистон учун имкониятлар

19-11-2026 170

    Юрак-қон томир касалликларининг олдини олишда энг муҳим вазифалардан бири – хавф омилларини касаллик оғирлашишидан аввал аниқлашдир. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда қон айланиш тизими касалликлари оқибатида 100 минг нафардан ортиқ инсон вафот этган. Қон босимининг юқорилиги, холестерин миқдорининг ошиши, чекиш, камҳаракатлик ва нотўғри овқатланиш юрак хасталиклари хавфини кучайтиради. Айниқса, холестерин даражасининг ошиши кўп ҳолларда сезиларли аломатларсиз кечади.

    Англияда профилактик текширувларни аҳолига яқинлаштириш мақсадида дорихоналар имкониятидан фойдаланиш тажрибаси синовдан ўтказилди. Barts Health NHS Trust, UCLPartners ва HEART UK ҳамкорлигида амалга оширилган лойиҳада махсус тайёргарликдан ўтган фармацевтлар фуқароларнинг холестерин миқдорини тезкор аниқлаш ва юрак-қон томир хавфини дастлабки баҳолашда иштирок этди.

    Бармоқдан олинган оз миқдордаги қонни махсус ускунада таҳлил қилиш етти дақиқагача вақт олади. Бироқ бу муддат бутун тиббий баҳолаш жараёнини эмас, айнан холестеринни тезкор ўлчашни англатади. Текширув натижаси қон босими, ёш ва бошқа хавф омиллари билан биргаликда кўриб чиқилиб, кейинги ўн йилда инфаркт ёки инсульт юз бериш эҳтимоли баҳоланади. Зарур ҳолларда фуқарога турмуш тарзини ўзгартириш бўйича тавсия берилади ёки у шифокор кўригига йўналтирилади.

    2025 йил январидан 2026 йил мартигача 61 та дорихонада 2 493 нафар киши мазкур хизматдан фойдаланган. Текширилганларнинг 19 фоизи учун дори воситалари билан даволаш мақсадга мувофиқлигини тиббий баҳолаш зарур деб топилган, 88 нафар фуқаро эса статинлар қабул қилишни бошлаган. Натижалар асосида 2026 йил кузидан тажрибани Англиянинг яна тахминан 100 та дорихонасига кенгайтириш босқичи эълон қилинди. Бу бепул хизмат барча аҳоли учун бир хил тартибда эмас, белгиланган мезонларга жавоб берувчи шахслар учун мўлжалланган.

    Мазкур ёндашувнинг аҳамияти фақат тезкор тестда эмас. Энг муҳим жиҳат – текширувдан кейинги ҳаракатлар изчиллиги: хавфни аниқлаш, фуқарони хабардор қилиш, зарур тиббий ёрдамга йўналтириш ва кейинги кузатувни таъминлаш. Шу билан бирга, Британия амалиётини бошқа давлатга айнан кўчириш мумкин эмас: фармацевтларнинг ваколатлари, тиббий маълумотларни ҳимоя қилиш талаблари, ускуналар сифати ҳамда шифокорларга йўлланма бериш тартиби маҳаллий қонунчиликка мувофиқ белгиланиши лозим.

    Ўзбекистонда бундай ёндашувни синаб кўриш учун муайян ташкилий асослар мавжуд. Президентнинг 2026 йил 20 январдаги ПҚ-20-сон қарори билан Инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий дастури ҳудудларда босқичма-босқич жорий этилмоқда. Ҳужжатда 30 ёшдан ошган аҳолини юрак-қон томир касалликлари хавфи бўйича мақсадли тиббий текширувлар билан қамраб олиш вазифаси белгиланган. Дастурни 2026 йил 1 майдан дастлаб Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида жорий этиш белгиланган.

    Айниқса, Самарқанд вилоятидаги ислоҳотлар бундай тажрибани ўрганиш учун қўшимча имконият яратади. Жаҳон банки 2026 йил 17 ноябрда вилоятда бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ривожлантиришга қаратилган SHIFO-1 дастури учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Дастур доирасида 330 минг нафар катта ёшли фуқарони юрак-қон томир хавфи бўйича скринингдан ўтказиш ва 250 минг нафар беморнинг даволанишини кузатиш режалаштирилган. Жаҳон банкининг расмий ахборотида дорихоналарда холестерин текшириш алоҳида йўналиш сифатида кўрсатилмаган. Бироқ бундай хизматни амалдаги профилактика ишларини тўлдирувчи тажриба сифатида кўриб чиқиш мумкин.

    Шу мақсадда, тегишли тиббий ва ҳуқуқий экспертизадан сўнг, Самарқанд вилоятининг шаҳар ва чекка ҳудудларидаги 20-30 та дорихона иштирокида олти ойлик пилот лойиҳани ташкил этиш таклиф қилинади. Унда фуқаролар учун текширувни бепул қилишнинг молиялаштириш манбаи олдиндан белгиланиши, фармацевтлар махсус ўқитилиши ва ускуналар мунтазам сифат назоратидан ўтказилиши керак. Хавф даражаси юқори чиққан шахсларни оилавий шифокорга йўналтириш, зарур бўлса натижани лабораторияда тасдиқлаш ҳамда маълумотларни хавфсиз алмашиш тартиби ишлаб чиқилиши муҳим.

    Лойиҳа самарасини фақат ўтказилган тестлар сони билан баҳолаш етарли эмас. Қанча фуқарода илгари аниқланмаган хавф омиллари топилгани, уларнинг нечтаси шифокор кўригига етиб боргани, даволаш ёки профилактик кузатувга олингани, шунингдек, бир нафар хавф гуруҳидаги фуқарони аниқлаш харажати каби кўрсаткичлар ҳам ўрганилиши зарур. Шунда тажрибани бошқа ҳудудларда қўллаш ҳақида далилларга асосланган қарор қабул қилиш мумкин бўлади.

    Бу таклиф БМТнинг 3-Барқарор ривожланиш мақсади, жумладан, юқумли бўлмаган касалликлардан барвақт ўлимни камайтириш (3.4) ва сифатли тиббий хизматлар қамровини кенгайтириш (3.8) вазифаларига ҳамоҳанг. Шунингдек, «Ўзбекистон - 2030» стратегиясидаги соғлом турмуш тарзини шакллантириш устуворликларини тўлдиради. Холестерин текшируви эса комплекс профилактиканинг фақат бир қисмидир.

    Хулоса шуки, Англия тажрибаси профилактик хизматни аҳолига яқинлаштириш мумкинлигини кўрсатади. Ўзбекистонда дорихоналар, оилавий поликлиникалар ва рақамли тиббиёт тизими ҳамкорлиги йўлга қўйилса, тезкор текширув юрак-қон томир касалликлари хавфини эрта аниқлашнинг қўшимча воситасига айланиши мумкин.

    Алишер Азизов    

    Барқарор ривожланиш маркази бош мутахассиси