«Болалар нафақасини олиш учун қандай ҳужжатлар керак?», «Кадастр ҳужжатини қаердан оламан?», «Аризам нега рад этилди?» Бундай саволларга жавоб топиш учун фуқаро қонун ҳужжатлари ва мураккаб йўриқномаларни ўрганишга мажбур бўлади. Бу эса ортиқча вақт сарфланишига, баъзан нотўғри ҳужжат топширилиши ёки бир идорадан бошқасига қайта-қайта мурожаат қилинишига сабаб бўлади. Шунинг учун рақамли давлат хизматлари аризани онлайн қабул қилиш билангина чекланмай, фуқарога керакли маълумотни содда ва тушунарли тилда етказиб бериши ҳам лозим.
Бунинг учун алҳида янги платформа яратиш шарт эмас. Сунъий интеллект асосида ишлайдиган онлайн маслаҳатчини Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz ва унинг мобил иловасига жойлаштириш мумкин. Фуқаро саволини ўзбек тилида, кирилл ёки лотин ёзувида киритади. Дастур эса расмий маълумотлар асосида қандай ҳужжатлар кераклиги, хизмат қанча вақтда кўрсатилиши ва тўлов миқдорини тушунтиради ҳамда фуқарони тегишли хизмат саҳифасига йўналтиради.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲҲТ) давлат бошқарувида сунъий интеллект қўлланган 200 та амалий мисолни таҳлил қилган. Уларнинг 57 фоизида технология давлат хизматларини тезлаштириш, ортиқча жараёнларни қисқартириш ва хизматларни фуқаролар эҳтиёжига мослаштиришга қаратилган.[1] Мазкур ёндашувни Ўзбекистон шароитига мослаштириб, аҳолига керакли маълумотни тез ва тушунарли етказадиган онлайн маслаҳатчи шаклида қўллаш мумкин.
Онлайн маслаҳатчининг тўғри ва ишончли жавоб бериши, аввало, унга киритилган маълумотларнинг аниқлиги ҳамда мунтазам янгиланиб туришига боғлиқ. Шу сабабли дастур интернетдаги ҳар қандай текширилмаган маълумотга эмас, фақат давлат идоралари тасдиқлаган расмий манбаларга таяниши керак. Ҳар бир жавобда маълумотнинг манбаси ва янгиланган санаси кўрсатилиши мақсадга мувофиқ. Агар дастур ишончли жавоб топа олмаса, тахминий маълумот бермасдан, фуқарони оператор ёки масъул идорага йўналтиради. Фуқаронинг ҳуқуқларига таъсир қилувчи якуний қарорларни эса сунъий интеллект эмас, ваколатли мутахассис қабул қилади.
Ўзбекистонда онлайн маслаҳатчини дастлаб my.gov.uz портали ва Давлат хизматлари марказларида синаб кўриш мумкин. Биринчи босқичда ижтимоий нафақалар ва кадастр каби кўп сўраладиган хизматларни қамраб олиш мақсадга мувофиқ. Натижалар ижобий бўлса, дастурга бошқа давлат хизматлари ҳам босқичма-босқич қўшилади. Европа Иттифоқи молиялаштираётган «Ўзбекистонда давлат хизматларини кўрсатишни янада такомиллаштириш» лойиҳаси доирасида БМТ Тараққиёт дастури ва Адлия вазирлиги соҳа мутахассислари учун сунъий интеллект ва маълумотлардан фойдаланиш бўйича амалий ўқувлар ташкил этган. Бу тажриба онлайн маслаҳатчини синовдан ўтказиш учун зарур кадрлар салоҳиятини оширади ва уни кейинчалик давлат хизматларига босқичма-босқич жорий этиш учун шароит яратади.[2]
Лойиҳанинг умумий натижаси фуқароларнинг қанча вақти тежалгани, нотўғри аризалар ва такрорий мурожаатлар қанчалик камайгани билан баҳоланиши керак. Шунда сунъий интеллект давлат хизматларидан фойдаланиш тартибини аҳолига содда ва тушунарли тилда етказиб берадиган амалий воситага айланади.
Алишер Азизов,
“Барқарор ривожланиш маркази” ННТ бош мутахассиси
[1] https://www.oecd.org/en/publications/2025/06/governing-with-artificial-intelligence_398fa287.html
[2] https://www.undp.org/uzbekistan/press-releases/driving-digital-transformation-eu-and-undp-upskill-ict-specialists-ai-and-data-science