Замонавий дунёда иқтисодий тараққиётнинг янги босқичи табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, уларнинг иқтисодий қийматини сақлаш ҳамда қўшимча қиймат яратиш салоҳияти билан белгиланмоқда.
Шу нуқтаи назардан, айланма иқтисодиёт концепцияси барқарор ривожланишнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ушбу ёндашувнинг асосий моҳияти маҳсулот ва материалларнинг фойдаланиш муддатини узайтириш, уларни қайта ишлаш, таъмирлаш ва қайта фойдаланиш орқали иқтисодий қийматини сақлаб қолишдан иборат.
Анъанавий иқтисодий моделда маҳсулот ишлаб чиқариш, истеъмол қилиш ва ташлаб юбориш жараёни устувор бўлса, айланма иқтисодиётда ресурслардан такрорий фойдаланиш ва уларни янги маҳсулот яратиш жараёнига қайтариш муҳим ўрин тутади. Масалан, ишлатилган кийим-кечакдан янги маҳсулотлар тайёрлаш, эски электрон қурилмалар таркибидаги қимматли материалларни ажратиб олиш, органик чиқиндилардан ўғит ишлаб чиқариш ёки пластик маҳсулотларни қайта ишлаш орқали янги иқтисодий фаолият турларини шакллантириш мумкин.
Мазкур концепциянинг эътиборга молик жиҳати шундаки, у экологик мақсадлар билан бир қаторда янги ижтимоий ва иқтисодий имкониятларни ҳам вужудга келтиради. Хусусан, чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш, маҳсулотларни таъмирлаш, қайта дизайн қилиш ва иккиламчи хомашёдан фойдаланиш каби йўналишлар янги тадбиркорлик ташаббуслари ҳамда меҳнат бозорида янги касбларнинг шаклланишига замин яратади.
Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон банки гуруҳи ва Circle Economy ҳамкорлигида тайёрланган 2025 йилги тадқиқотда жаҳон бўйича 121–142 миллион киши айланма иқтисодиёт билан боғлиқ соҳаларда фаолият юритиши қайд этилган. Ушбу кўрсаткич қайта таъмирлаш, техник хизмат кўрсатиш, қайта ишлаш, иккиламчи маҳсулотлар савдоси ва чиқиндиларни бошқариш каби фаолият турларини қамраб олади. Бу эса айланма иқтисодиётни нафақат экологик ёндашув, балки бандлик ва тадбиркорликни ривожлантиришнинг муҳим йўналиши сифатида ҳам кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатади.
Ўзбекистон учун мазкур йўналишнинг истиқболлари, айниқса, текстиль, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва электрон техника соҳаларида намоён бўлади. Мамлакатимизда ишлаб чиқариш ҳажмлари ва истеъмол бозори кенгайиб бораётган бир шароитда иккиламчи ресурслардан фойдаланиш янги қўшимча қиймат яратиш имкониятини шакллантиради.
Хусусан, БМТ Тараққиёт дастурининг 2026 йилда эълон қилинган «Unlocking the Potential of Circular Textile Value Chains in Kyrgyzstan and Uzbekistan» тадқиқоти Ўзбекистон ва Қирғизистон текстиль ҳамда тикув-трикотаж саноатида айланма ишлаб чиқариш занжирларини ривожлантириш имкониятларини ўрганган. 134 та корхона иштирокида ўтказилган сўровлар ва соҳавий таҳлиллар асосида ресурслардан самарали фойдаланиш, маҳсулотларнинг хизмат муддатини узайтириш ва ишлаб чиқариш жараёнларида айланма ёндашувларни жорий этиш бўйича амалий йўналишлар белгиланган.
Aйланма иқтисодиётни ривожлантиришда энг муҳим вазифалардан бири унинг имкониятларини аҳолининг кундалик ҳаёти ва иқтисодий фаолияти билан боғлашдир. Бунинг учун таълим муассасаларида ресурслардан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш, ёшларни қайта ишлаш технологиялари ва экологик тадбиркорликка жалб этиш, кичик бизнес субъектларининг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, келажак меҳнат бозорида экологик муҳандис, қайта ишлаш технологиялари мутахассиси, маҳсулотларни қайта дизайн қилиш бўйича дизайнер, ресурслар самарадорлиги таҳлилчиси ва айланма ишлаб чиқариш менежери каби касбларга бўлган эҳтиёж ортиши мумкин. Бу эса касбий таълим тизимида янги йўналишларни ривожлантириш ва ёшларни келажак иқтисодиёти талабларига тайёрлаш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Айланма иқтисодиётнинг яна бир истиқболли жиҳати уни маҳаллий тадбиркорлик ва ҳудудий ривожланиш билан уйғунлаштириш имкониятидир. Масалан, маҳаллаларда қайта фойдаланиш марказлари, кийим-кечак ва маиший техникани таъмирлаш устахоналари, органик чиқиндилардан ўғит ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳамда иккиламчи хомашёни қабул қилиш ва саралаш тизимларини ривожлантириш мумкин. Бундай ташаббуслар нафақат ресурслардан самарали фойдаланишга, балки маҳаллий аҳоли бандлиги ва кичик бизнес имкониятларини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, айланма иқтисодиётга ўтишни фақат чиқиндиларни камайтириш ёки экологик вазиятни яхшилаш билан чеклаб бўлмайди. Бу ишлаб чиқариш маданияти, истеъмол одатлари, касбий кўникмалар ва иқтисодий муносабатларни янгича ташкил этишни назарда тутадиган кенг қамровли жараёндир.
Ўзбекистон учун ушбу йўналиш мавжуд ресурслардан янги қиймат яратиш, инновацион тадбиркорликни ривожлантириш ва келажак меҳнат бозори учун янги имкониятлар шакллантиришга хизмат қилиши мумкин. Зеро, келажак иқтисодиётида муваффақиятнинг муҳим омилларидан бири мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларнинг иқтисодий қийматини сақлаш ва янги қиймат яратиш манбаига айлантириш салоҳиятидир.
Шарифова Мадинабону,
Барқарор ривожланиш маркази бош мутахассиси