2026 йил 31 март куни Тошкент давлат шарқшунослик университетида талабалар ва иш берувчи ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Мазкур тадбир ёш мутахассисларни меҳнат бозорига интеграция қилиш, уларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда барқарор бандликни таъминлашга қаратилган ташаббус сифатида муҳим аҳамият касб этди.
Тадбирда давлат муассасалари, акционерлик жамиятлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва хусусий сектор вакиллари фаол иштирок этдилар. Жумладан, Барқарор ривожланиш маркази ушбу тадбирда фаол иштирок этиб, ташкилот фаолияти, устувор йўналишлари ҳамда мавжуд имкониятлар юзасидан битирувчи курс талабалари учун батафсил маълумотлар тақдим этди. Марказ вакиллари томонидан ташкилотнинг асосий вазифалари, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда барқарор ривожланиш тамойилларини жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, Барқарор ривожланиш маркази вакиллари томонидан битирувчи курс талабалари учун марказ фаолиятига оид йўналишлар, жумладан, барқарор ривожланиш мақсадларини тарғиб қилиш, экологик, ижтимоий ва иқтисодий йўналишларда амалга оширилаётган дастурлар, ёшлар учун мавжуд амалиёт (стажировка) ва ишга жойлашиш имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди. Тадбир давомида талабалар марказ мутахассислари билан бевосита мулоқот қилиш, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш ҳамда келгусида ҳамкорлик қилиш имкониятларини муҳокама қилиш имконига эга бўлдилар.
Барқарор ривожланиш марказининг ушбу тадбирдаги иштироки алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, марказ томонидан ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг барқарор ривожланиш соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда инновацион ёндашувларни тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур ёндашув ёшларнинг нафақат иш билан таъминланишига, балки ижтимоий масъулиятли ва барқарор ривожланишга йўналтирилган мутахассис сифатида шаклланишига хизмат қилади. Шу билан бирга, марказ томонидан талабалар учун ахборот материаллари тарқатилиб, барқарор ривожланиш тамойилларининг замонавий меҳнат бозоридаги аҳамияти кенг ёритилди.
“Карьера куни” тадбири Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан узвий боғлиқ ҳолда амалга оширилди. Хусусан, мазкур ташаббус 4-мақсад – Сифатли таълим, 8-мақсад – Муносиб иш-ўринлари ва иқтисодий ўсиш ҳамда 17-мақсад – Барқарор ривожланиш йўлида ҳамкорлик йўналишларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилди. Тадбир доирасида талабалар ўз касбий йўналишлари бўйича иш берувчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятига эга бўлдилар, бу эса уларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамда Ташқи сиёсат ва халқаро иқтисодий муносабатлар институти жамоаси томонидан Барқарор ривожланиш марказига алоҳида миннатдорчилик билдирилди. Ёш авлодни ватанга муҳаббат, касбга садоқат руҳида тарбиялашга қўшган муносиб ҳиссаси учун Марказ жамоаси университет раҳбариятининг ТАШАККУРНОМАСИ билан тақдирланди.