Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Барқарор тараққиёт хавфсизликдан бошланади

12-10-2026 6
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш — инсон ҳаётини асраш билан бирга, мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиёти натижаларини ҳам ҳимоя қилиш демакдир

    Барқарор ривожланиш деганда, одатда, иқтисодий ўсиш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли саломатлиги, сифатли таълим, экологик мувозанат ва “яшил” иқтисодиёт каби йўналишлар кўз олдимизга келади. Аммо бу натижаларнинг барчасини бирлаштириб турадиган яна бир ҳал қилувчи шарт бор: инсон, жамият ва инфратузилманинг турли хавф-хатарларга бардошли бўлиши. Бир неча йилда қурилган мактаб, шифохона, йўл, ишлаб чиқариш объекти ёки хонадон биргина йирик ёнғин, сел, кўчки, зилзила ёки техноген авария натижасида жиддий зарар кўриши мумкин. Шу маънода хавфсизлик тараққиётга қўшимча масала эмас — унинг пойдеворидир.

    Шу боис фавқулодда вазиятларнинг олдини олишни фақат қутқарув хизматларининг вазифаси сифатида қараш етарли эмас. Бу иқтисодий сиёсат, ижтимоий ҳимоя, қурилиш, соғлиқни сақлаш, таълим ва иқлимга мослашиш билан узвий боғлиқ стратегик йўналишдир. Офат содир бўлгандан кейин оқибатни бартараф этиш зарур, аммо хавфни олдиндан аниқлаш, уни камайтириш ва одамларни тайёрлаш анча самарали.

Тараққиёт натижаларини ҳимоя қилиш

    БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида офатлар хавфини камайтириш бир қатор мақсадлар билан узвий боғланган. Жумладан, 1-мақсад — камбағалликни қисқартириш, 3-мақсад — соғлом турмуш, 4-мақсад — сифатли таълим, 9-мақсад — барқарор инфратузилма, 11-мақсад — хавфсиз ва барқарор шаҳарлар ҳамда 13-мақсад — иқлим ўзгаришига қарши чоралар хавф-хатарларга бардошлиликни кучайтириш билан чамбарчас боғлиқ. Хонадон ёнғин туфайли йўқотилса, масала фақат мулкка етган зарар билан тугамайди: оила бошпанасиз қолиши, даромад манбаини йўқотиши, болалар таълими издан чиқиши мумкин. Мактаб ёки шифохона зарар кўрса, бутун ҳудуддаги хизматлар узлуксизлигига таъсир қилади. Демак, олди олинган ҳар бир хавф — тараққиёт натижасининг сақлаб қолинганидир.

    2015–2030 йилларга мўлжалланган Офатлар хавфини камайтириш бўйича Сендай ҳадли дастури ҳам давлатларни фақат оқибатни бартараф этишга эмас, хавфни англаш, бошқариш, бардошли инфратузилма яратиш ва тайёргарликка сармоя киритишга чақирган. Профилактикага сарфланган маблағ қўшимча харажат эмас, инсон ҳаёти, мол-мулк ва иқтисодий натижаларни асрашга киритилган инвестициядир.

Ўзбекистонда урғу — барвақт профилактикага

    Ўзбекистонда ҳам ёндашув босқичма-босқич “ҳодиса содир бўлгандан кейин ҳаракат қилиш” моделидан “хавфни олдиндан аниқлаш ва камайтириш” моделига ўтмоқда. 2025 йил 20 октябрдаги ПФ–185-сон Фармон маҳалла даражасида профилактика механизмларини ривожлантириш, хавфи юқори объектларда замонавий хавф бошқарувини жорий этиш, сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан фойдаланиш, мониторинг ва прогнозлашни кучайтиришни устувор вазифалар сифатида белгилади. ПҚ–310-сон қарор фавқулодда вазиятларни барвақт олдини олиш ва аҳолини ўз вақтида огоҳлантиришни ФВВнинг асосий вазифалари қаторига киритди, ПҚ–311-сон қарор эса соҳани рақамлаштириш ва идоралараро маълумотлар интеграциясини кучайтиришни назарда тутди.

    Бу сиёсат амалда “маҳаллабай” ва “хонадонбай” профилактикада кўринмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 2026 йил 6 июлда эълон қилган маълумотига кўра, шу санага қадар вазирлик томонидан 55 441 та объект, қарийб 2 миллион якка тартибдаги уй, 44 мингдан ортиқ кўп квартирали уй ҳамда 1,5 миллионга яқин квартирада профилактик ўрганишлар ўтказилган. Аҳоли ўртасида 127 мингдан ортиқ профилактик учрашув ва суҳбат ташкил этилиб, уларда 6 миллиондан зиёд фуқаро иштирок этган. Энди муҳим масала фақат тадбирлар сонини эмас, аниқланган хавфлар нечоғлик бартараф этилганини ҳам ўлчашдир. “Аниқланди — бартараф этилди — қайта текширилди” занжири профилактиканинг ҳақиқий самарасини кўрсатади.

Маҳалладан бошланадиган хавфсизлик

    Фавқулодда хавф одам учун республика миқёсида эмас, у яшайдиган хонадон, кўча, маҳалла ёки иш жойида юз беради. Бир ҳудудда сел ва кўчки, бошқа жойда ёнғин, газдан заҳарланиш, сув тошқини ёки саноат объекти билан боғлиқ хавф устун бўлиши мумкин. Шу сабабли ҳар бир маҳалла учун содда ва тушунарли “хавф паспорти” шакллантириш мақсадга мувофиқ: асосий хавф турлари, эвакуация йўналишлари, хавфсиз йиғилиш нуқталари, биринчи ёрдам имкониятлари ва ёрдамга биринчи навбатда муҳтож фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар мунтазам янгиланиб туриши лозим.

    Бу ерда “ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойили айниқса муҳим. Кексалар, болалар ва ногиронлиги бўлган шахслар фавқулодда вазиятда бир хил тезликда ҳаракат қила олмайди. Шунинг учун огоҳлантириш, эвакуация ва амалий машғулотларда уларнинг эҳтиёжлари олдиндан ҳисобга олиниши керак. Маҳалла хавфсизлик режаси қоғоздаги ҳужжат эмас, ФВВ ходими, маҳалла раиси, тиббиёт ходими ва аҳоли учун умумий ҳаракат алгоритмига айланиши зарур.

Зилзила ва эрта огоҳлантириш: технологиядан амалий ҳаракатга

    Ўзбекистон учун сейсмик хавф ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Зилзилани тўхтатиб бўлмайди, аммо унинг оқибатларини камайтириш мумкин. 2025 йил 20 октябрдаги ПФ–184-сон Фармон сейсмик хавфсизлик соҳасини рақамлаштириш, унга сунъий интеллект технологияларини татбиқ этиш, маданий мерос объектлари ва транспорт иншоотларининг сейсмик ҳолатини мониторинг қилиш каби вазифаларни белгилади. Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан А–373 ва М–39 автомобиль йўлларида ҳамда уларга туташ тоғли ҳудудлардан ўтган темир йўлларда кўчки эҳтимоли юқори участкаларнинг доимий радиолокацион космик мониторингини ташкил этиш, шунингдек, сейсмик хавфи юқори ҳудудларда сунъий интеллект ёрдамида кучли зилзилаларни ўрта ва узоқ муддатларда прогноз қилиш амалиётини йўлга қўйиш белгиланган. Бу технологиялар қарор қабул қилиш сифатини оширишга хизмат қилиши мумкин, аммо улар аҳоли тайёргарлиги ва ишончли маълумот билан уйғунлашгандагина тўлиқ самара беради.

    Шу маънода эрта огоҳлантиришни фақат SMS ёки сирена сифатида тушуниш тўғри эмас. БМТнинг, асосан, об-ҳаво, сув, иқлим ва улар билан боғлиқ хавфлардан аҳолини ҳимоя қилишга қаратилган “Барча учун эрта огоҳлантириш” ташаббусида тўрт асосий бўғин ажратилади: хавф ҳақида билим; аниқлаш, кузатиш, мониторинг ва прогнозлаш; огоҳлантиришни тез ва тушунарли етказиш; тайёргарлик ва жавоб қайтариш имкониятлари. Бу ёндашувнинг мантиғи фавқулодда вазиятларда аҳолини огоҳлантириш тизимлари учун ҳам муҳим: фуқаро “хабарни олдим, энди нима қиламан?” деган саволга аниқ жавобни билиши шарт. Шунинг учун хабар қисқа, аниқ ва ҳаракатга йўналтирилган бўлиши, мобиль алоқа, телевидение, радио, сирена, ижтимоий тармоқ ва маҳалла каби бир нечта канал орқали етказилиши лозим.

Хавфсизлик маданияти — натижанинг ҳал қилувчи омили

    Энг замонавий техника ҳам одам хавфли вазиятда қандай ҳаракат қилишни билмаса, кутилган натижани бермайди. Газ ҳиди сезилганда, ёнғин ёки зилзила пайтида, сел ва сув тошқини ҳақида огоҳлантириш берилганда нима қилиш кераклигини ҳар бир фуқаро билиши зарур. Мактаб ва боғчаларда амалий машғулотлар, корхона ва ташкилотларда эвакуация машқлари, маҳаллаларда хонадон хавфсизлиги бўйича содда чек-листлар, ОАВда мавсумий хавфларга оид аниқ тавсиялар хавфсизлик маданиятини шакллантиради. Бунда одамни қўрқитиш эмас, унга вазиятни бошқара олиш кўникмасини бериш муҳим.

    Кейинги босқичда профилактика натижасини ўтказилган тадбирлар сони билан эмас, хавфнинг реал камайиши билан баҳолаш зарур. Маълумотларни идоралараро бирлаштириш, мактаб, шифохона, коммунал ва ишлаб чиқариш объектларида фавқулодда вазиятда узлуксиз ишлаш режаларини амалда синаб бориш, давлат, бизнес, илм-фан ва фуқаролик жамияти ҳамкорлигини кучайтириш шу мақсадга хизмат қилади.

Тараққиётни қуриш баробарида уни ҳимоя қилиш

    2030 йилгача белгиланган миллий ва глобал мақсадларга эришиш фақат янги объектлар қуриш ёки ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларни яхшилашдан иборат эмас. Эришилган натижаларни хавф-хатарлардан ҳимоя қила олиш ҳам тараққиёт сифатини белгилайди. Мактабни офатдан ҳимоя қилиш — таълим натижасини асраш; шифохонанинг фавқулодда вазиятда ҳам ишлашини таъминлаш — саломатликни муҳофаза қилиш; бардошли уй-жой ва маҳалла — барқарор шаҳарнинг асоси; иқлим хавфларини олдиндан баҳолаш эса мослашув сиёсатининг амалий кўринишидир.

    Шу маънода барқарор ривожланиш — фақат янги натижаларга эришиш эмас, уларни асрай олиш қобилияти ҳамдир. Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, хавфларни олдиндан баҳолаш, аҳолини тайёрлаш ва барвақт огоҳлантириш тизимларини такомиллаштириш барқарор тараққиёт сиёсатининг ажралмас қисми бўлиши керак. Зеро, тараққиётнинг ҳақиқий барқарорлиги унинг суръати билангина эмас, синовларга қанчалик чидамли экани билан ҳам ўлчанади.

Жаҳонгир Исаев,

“Барқарор ривожланиш маркази” ННТ бўлим бошлиғи