Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Барқарор ривожланишни таъминлашда иқтисодиётнинг ўрни ва аҳамияти

22-04-2026 276

        Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар мамлакатнинг барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Бу жараёнда иқтисодиётнинг барча секторларини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда ресурслардан оқилона фойдаланиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

        Барқарор ривожланишни таъминлашда асосий эътибор экологик мувозанатни сақлаш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини жорий этиш ҳамда табиий ресурслардан тежамкор фойдаланишга қаратилиб келинмоқда. Шу билан бирга, иқлим ўзгариши таъсирини камайтириш, сув ва энергия ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

        2026 йил 22 апрель куни Барқарор ривожланиш маркази ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Молия органлари ҳамда бюджет ташкилотларининг молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув маркази билан ҳамкорликда “Барқарор ривожланишни таъминлашда иқтисодиётнинг ўрни ва аҳамияти” мавзусида соҳа мутахассислари ва экспертлари иштирокида семинар ташкил этилди. Тадбирда молия соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар, давлат молия органлари ва бюджет ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

    

        Мазкур тадбирнинг асосий мақсади макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инвестицияларнинг натижадорлиги, давлат қарзини самарали бошқариш ҳамда иқтисодий сиёсатнинг узоқ муддатли таъсирини таҳлил қилишдан иборат бўлди. Шунингдек, глобал иқтисодий ўзгаришлар шароитида миллий иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

        Тадбир давомида иштирокчилар саноатни ривожлантиришда инновацион технологияларни жорий этиш, экспорт салоҳиятини ошириш, логистика тизимини такомиллаштириш ҳамда ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини ривожлантириш бўйича таклифлар билдирдилар. Шунингдек, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

        Барқарор ривожланишда молия тизимининг роли алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, солиқ тизимини такомиллаштириш ҳамда инвестицияларни жалб қилиш механизмларини яхшилаш устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди.

        Шунингдек, таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини иқтисодиёт эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш, рақамли технологиялар соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш ҳам муҳим йўналиш сифатида белгилаб олинди. Бу эса инновацион иқтисодиётни шакллантиришга хизмат қилади.

        Умуман олганда, барқарор ривожланишни таъминлашда иқтисодиётнинг ўрни стратегик аҳамиятга эга бўлиб, амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатнинг узоқ муддатли иқтисодий ўсиши, ижтимоий барқарорлиги ва экологик мувозанатини таъминлашга хизмат қилмоқда.