Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Барқарор ривожланишда халқ дипломатиясининг ўрни

29-11-2025 50

    2025 йил 1–5 декабрь кунлари Ўзбекистонда “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” ўтказилишини мамлакатда демократик жараёнларни чуқурлаштириш ва жамоатчилик институтлари салоҳиятини оширишга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланиш мумкин. Тадбирлар дастури парламент, давлат органлари, маҳаллий ва халқаро    ННТлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда дипломатик корпус вакилларини бир майдонга жамлайди. Бу жараён фуқаролик жамиятининг давлат сиёсатидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.    

    Беш кунлик тадбирлар доирасида    4    декабрь куни Тошкентда Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази ва Барқарор ривожланиш маркази томонидан        “Миллий, минтақавий ва умумбашарий даражада халқ дипломатияси орқали барқарор ривожланишни таъминлаш” мавзусида халқаро конференция ўтказилади. Конференция парламент аъзолари, давлат органлари, дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, фуқаролик жамиятлари ва таҳлил марказлари экспертлари, илмий тадқиқотчилар ва талаба ёшлар иштирок этиши режалаштирилган. Ушбу конференция нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси ва ундан ташқаридаги давлатлар учун долзарб масалаларни муҳокама қилиш майдонига айланади.    

    Конференция доирасида иштирокчиларнинг чиқишлари    “Барқарор тараққиёт йўлида миллий ҳамда умумбашарий даражада халқ ва маданий дипломатиянинг ўрни”мавзусига бағишланганлиги ва бу борадаги мавжуд муаммолар ечими ҳамда        янги таклиф ва фикрлар билан бўлишиши кутилмоқда.

    Халқаро конференцияда миллий даражада фуқаролик жамияти ва давлат ҳамкорлиги, маданий интеграция, журналистика ва адабиётнинг халқлар ўртасида ишончни мустаҳкамлашдаги аҳамияти каби масалалар кенг муҳокама этилади. Бу йўналишдаги фикрлар мамлакатлар ички барқарор тараққиёти учун амалий йўриқнома вазифасини бажаради. Минтақавий ва умумбашарий даражада эса Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти ҳамда халқаро маданий дипломатиянинг истиқболлари кўриб чиқилади.        Бу жараёнлар орқали давлатлар ўртасидаги мулоқотни кучайтириш, маданий ва сиёсий интеграцияни чуқурлаштириш, шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда янги имкониятлар очилиши кутилмоқда.

    Тошкентда ўтказилиши кутилаётган халқаро конференциянинг иштирокчилар учун умумбашарий аҳамияти қуйидагича намоён бўлади:

    Ўзбекистон учун    – мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда фуқаролик жамияти ва давлат ҳамкорлигини мустаҳкамлаш.

    Марказий Осиё давлатлари учун    – минтақавий барқарорлик ва интеграция жараёнларини кучайтириш, маданий мулоқот орқали ишонч ва ҳамжиҳатликни таъминлаш.

    Жаҳон ҳамжамияти учун    – умумбашарий барқарор ривожланишда халқ дипломатиясининг ўрнини белгилаш, турли маданий ва сиёсий моделларни уйғунлаштириш орқали умумий мақсадларга эришиш.

    Тадбир ниҳоясида иштирокчилар томонидан барқарор тараққиёт ва халқ дипломатияси соҳасида амалий ҳаракатлар учун йўл харитаси вазифасини бажарадиган халқаро конференция резолюцияси қабул қилиниши кутилмоқда. Бугунги умумбашарий муаммолар – иқлим ўзгариши, миграция, маданий ихтилофлар ва иқтисодий барқарорлик масалалари – фақат давлатлар расмий сиёсатлари билан эмас, балки халқлар ўртасидаги ишонч ва мулоқот орқали ҳал этилиши мумкин.

    Шу маънода, “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасидаги тадбирлар иштирокчилар учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, барқарор ривожланиш йўлида халқ дипломатиясини кучайтиришга хизмат қилади. Ўзбекистонда демократик институтларни мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва давлат–жамоат ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш жараёни нафақат миллий ислоҳотлар, балки халқаро ҳамкорлик ва Барқарор ривожланиш мақсадлари билан уйғунликда амалга оширилаётганини кўрсатади.

Барқарор ривожланиш маркази

бош мутахассиси

Шухрат Хожимуродов