Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Барқарор ривожланиш йўлида Янги Ўзбекистоннинг космик ташаббуслари

17-02-2026 36

Сўнгги йилларда дунё миқёсида технологик тараққиёт ва инновацион рақобат янги босқичга чиқиб, космик технологиялар стратегик аҳамиятга эга соҳалардан бирига айланмоқда. Ўзбекистонда ҳам мазкур йўналишда тизимли ёндашув шаклланиб, сунъий йўлдош технологиялари ва космик тадқиқотларга қаратилган ташаббуслар изчил ривожланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан сунъий йўлдош учириш ва биринчи миллий фазогирни тайёрлаш бўйича илгари сурилган вазифалар мамлакатнинг барқарор ривожланиш стратегияси, хусусан, 9-БРМ – саноат, инновация ва инфратузилмани ривожлантириш мақсадлари билан бевосита уйғунлик касб этади.

    Мамлакатимизда космик маълумотлардан фойдаланиш амалиёти нисбатан яқин даврда бошланган бўлса-да, қисқа вақт ичида сезиларли амалий натижаларга эришилди. Давлат космик мониторинги тизими жорий қилиниб, бугунги кунда космик мониторинг имкониятларидан 10 дан зиёд давлат идоралари ва барча ҳокимликлар фаол фойдаланмоқда. Сўнгги беш йилда масофадан зондлаш маълумотларига талабнинг 3 карра ошгани космик технологияларнинг иқтисодиёт ва бошқарув тизимидаги аҳамияти тобора кучайиб бораётганини кўрсатади.

    Космик соҳада миллий инфратузилмани шакллантириш устувор вазифа сифатида белгиланмоқда. Хусусан, сунъий йўлдошларни бошқариш, космик маълумотларни қайта ишлаш ва улардан амалиётда самарали фойдаланиш тизимини ривожлантириш мамлакатнинг ахборот мустақиллиги ва технологик салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса иқтисодий жараёнларни янада аниқ таҳлил қилиш ва давлат ресурсларини самарали бошқариш имконини яратади. Биринчи илмий сунъий йўлдош — 6U форматдаги “Мирзо Улуғбек” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳа 2028 йилда муваффаққиятли тугатилиши мақсад қилинган. Таъкидлаш жоизки, соҳадаги ислоҳотлар миллий муҳандислик мактабларини ривожлантириш, илмий салоҳиятни ошириш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.

    Умуман олганда, космик технологияларни ривожлантиришга қаратилган мазкур ташаббуслар Янги Ўзбекистоннинг инновацион тараққиёти, илмий салоҳияти ва халқаро нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи стратегик қадамлар сифатида намоён бўлмоқда. Бу жараёнлар барқарор ривожланиш тамойиллари билан уйғун ҳолда мамлакатнинг узоқ муддатли ривожланиши учун мустаҳкам замин яратади.