Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар мамлакатнинг барқарор ривожланишига мустаҳкам замин яратмоқда. Хусусан, бозор механизмларини мустаҳкамлаш, рақобатбардошликни ошириш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар миллий иқтисодий тизимнинг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилмоқда.
Ислоҳотлар жараёнида молиявий секторни модернизация қилиш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва инновацион технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса нафақат иқтисодий ўсишни таъминлайди, балки ижтимоий барқарорлик ва экологик мувозанатни сақлашда ҳам муҳим омил сифатида намоён бўлмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар янги молиявий тизимлар ва барқарор ривожланиш моделини шакллантиришда стратегик аҳамият касб этмоқда.
2025 йил 11 ноябрь куни Барқарор ривожланиш маркази ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Молия органлари ҳамда бюджет ташкилотларининг молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув маркази билан ҳамкорликда “Барқарор ривожланиш йўлида янги молиявий моделлар” мавзусида соҳа мутахассислари ва экспертлари иштирокида семинар ташкил этилди.
Тадбирда молия соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар, давлат молия органлари ва бюджет ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Семинарнинг асосий мақсади молиявий тизимларни модернизация қилиш, инвестиция муҳитини янада жозибадор қилиш, инновацион технологияларни жорий этиш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Тадбир доирасида иштирокчилар молиявий бозорларда шаффофликни таъминлаш, рақамли молия хизматларини ривожлантириш, давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш ҳамда иқтисодий диверсификация масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек, амалга оширилган ислоҳотларнинг натижалари таҳлил қилиниб, келгусида молиявий барқарорликни таъминлаш ва инвестициявий фаолликни оширишга қаратилган устувор вазифалар юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Семинарда қуйидаги асосий йўналишлар муҳокама қилинди:
— Янги молиявий архитектура: Халқаро молия институтлари ва миллий банклар барқарорлик индикаторларини ҳисобга олган ҳолда инвестиция сиёсатини қайта кўриб чиқиш, молиявий қарорларда шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш.
— “Яшил” молия: Экологик тоза технологиялар, қайта тикланувчи энергия манбалари ва углерод изини камайтиришга қаратилган лойиҳаларга сармоя киритишни устувор йўналиш сифатида ривожлантириш.
— Ижтимоий молия: Таълим, соғлиқни сақлаш ва тенг имкониятлар яратишга қаратилган молиявий механизмлар орқали жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлаш.
— Рақамли молия: Блокчейн, сунъий интеллект ва финтех технологияларини жорий этиш орқали молиявий хизматларда шаффофлик, тезкорлик ва хавфсизликни кучайтириш.
Семинар иштирокчилари янги молиявий тизимларни жорий этиш ва барқарор ривожланиш моделини шакллантириш жараёнида амалий натижаларни таҳлил қилиш баробарида, келгуси устувор вазифаларни самарали амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларга алоҳида эътибор қаратдилар. Жумладан, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кучайтириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, молиявий саводхонликни ошириш, давлат-хусусий шериклик механизмларини кенгайтириш, молиявий жараёнларда шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш ҳамда рақамли технологиялар орқали молиявий инклюзивликни кенгайтириш — янги молиявий моделларнинг келгуси босқичида ҳал қилувчи омиллар сифатида таъкидланди.
Семинарда билдирилган тавсиялар молиявий ислоҳотларни амалий жиҳатдан такомиллаштириш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги муҳим қадамлар сифатида баҳоланди. Ушбу йўналишда амалга ошириладиган ишлар мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиётига хизмат қилиши қайд этилди