2025 йил 10 октябрь куни Боғот тумани ҳокимлиги биносида “Барқарор ривожланиш шароитида минтақаларда ислом молияси дарчаларини очиш” мавзусида илмий-амалий давра суҳбати ўтказилди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикасида барқарор иқтисодий тараққиётга эришиш, молиявий инклюзияни кенгайтириш ва халқаро миқёсда илгари сурилаётган БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) билан уйғунликда ислом молияси тизимини ривожлантириш масалаларига бағишланди.
Давра суҳбатининг асосий мақсади ислом молия тизими механизмларини ўрганиш орқали минтақавий иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳолининг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат бўлди. Тадбир, шунингдек, Барқарор ривижланиш мақсадларида белгиланган камбағалликка барҳам бериш, иқтисодий ўсиш, тенгсизликларни қисқартириш мақсадлари билан бевосита боғлиқ бўлиб, у ислом молиясини минтақавий иқтисодий ривожланишнинг янги омили сифатида кўриб чиқди.
Давра суҳбатини Боғот туман ҳокими Назаров Жаҳонгир Бахрамович кириш сўзи билан очди. Тадбирда Ўзбекистон халқаро Исломшунослик академияси профессори, иқтисодиёт фанлари доктори, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Тухлиев Н., Ўзбекистон халқаро Исломшунослик академияси профессори, иқтисодиёт фанлари доктори Абдуллаев Р., Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳузуридаги “Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг илмий асослари ва муаммолари” илмий-тадқиқот маркази сектори мудири Аброров С., Исламис Бусинесс анд Финанседиректори, ПҳД Имомназаров Ж., ҳамда Барқарор ривожланиш маркази Хоразм вилояти бўлинмасираҳбари, профессор Б. Рузметов иштирок этдилар. Шунингдек, туман ҳокимлиги мутасаддилари, банк ва молия соҳаси вакиллари, тадбиркорлар ҳамда ёш олимлар давра суҳбатида фаол қатнашдилар.
Тадбир ислом молия тизимининг назарий асослари, амалий механизмлари ва уни Ўзбекистон иқтисодиётига интеграция қилиш имкониятларини таҳлил қилишга бағишланди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ислом молия тизими анъанавий молия тизимидан туб жиҳатдан фарқ қилади. Бу тизимнинг асосий тамойиллари рибонинг тақиқланиши, риск ва фойдани адолатли тақсимлаш, иқтисодий фаолиятда шаръий меъёрларга амал қилиш, инвестицияларни ижтимоий ва экологик жиҳатдан барқарор лойиҳаларга йўналтириш каби ғояларни ўз ичига олади.
Мазкур ёндашув бевосита БРМ-12 (Масъулиятли истеъмол ва ишлаб чиқариш) ҳамда БРМ-13 (Иқлим ўзгаришига қарши кураш) мақсадлари билан уйғунлашади. Ислом молияси орқали амалга ошириладиган инвестициялар, одатда, атроф-муҳитга зарар етказмайдиган, ижтимоий фойдали ва узоқ муддатли барқарор ривожланишга хизмат қиладиган лойиҳаларга йўналтирилади. Шу тариқа, исломий молиявий механизмлар иқтисодий ўсиш билан бирга экологик ва ижтимоий масъулиятни ҳам таъминлайди.
Давра суҳбатида анъанавий ва ислом капитал бозорларининг умумий ва фарқли жиҳатлари чуқур таҳлил қилинди. Умумий жиҳатлар сифатида молиявий инструментлардан фойдаланиш, инвестиция жалб қилиш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган стратегиялар қайд этилди. Фарқли жиҳатлар эса, ислом молиясининг ахлоқий, ижтимоий ва диний тамойилларга асосланганлиги, фоизсиз молиялаштириш принципи, шериклик асосида риск ва фойдани тақсимлаш механизмлари билан изоҳланди.
Мазкур фарқлар, ўз навбатида, БРМ-16 (Тинчлик, адолат ва самарали институтлар) мақсадига ҳамоҳанг бўлиб, молия тизимида адолат, шаффофлик ва ижтимоий ишонч тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадбир якунида ислом молияси тизимини Ўзбекистон минтақаларида ривожлантириш бўйича қатор амалий таклифлар илгари сурилди. Жумладан:
· Ислом молияси бўйича норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
· Молиявий институтлар салоҳиятини ошириш ва малакали кадрлар тайёрлаш;
· Рақамли технологиялар асосида исломий молия маҳсулотларини жорий этиш;
· Маҳаллий ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш;
· Аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида молиявий саводхонликни ошириш.
Мазкур йўналишлар БРМ-4, БРМ-8 ҳамда БРМ-17 мақсадлар билан бевосита боғлиқ бўлиб, Ўзбекистоннинг миллий ривожланиш стратегияси билан уйғун тарзда олиб борилмоқда.
Давра суҳбати ислом молияси тизимини Ўзбекистон иқтисодиётига татбиқ этишнинг долзарблигини илмий ва амалий жиҳатдан асослаб берди. Ислом молияси нафақат молиявий барқарорликни таъминлаш, балки ижтимоий тенгликни қарор топтириш, экологик хавфсизликни сақлаш ва барқарор ривожланишнинг узоқ муддатли стратегик мақсадларига эришишда муҳим восита эканлиги қайд этилди.
Шунингдек, тадбир якунида иштирокчилар томонидан ислом молияси асосида минтақавий “барқарор ривожланиш дарчалари”ни ташкил этиш, бу борада илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш ва амалий тажрибаларни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди. Мазкур ташаббус иқтисодиётнинг ижтимоий йўналтирилган ва экологик барқарор ривожланишини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланди.
Барқарор ривожланиш маркази Хоразм вилояти
бўлинмаси раҳбари профессор
Б.Рузметов