Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Барқарор ривожланиш сари дадил қадам – Самарқандда ўтказилаётган ЮНEСКОнинг 43-сессияси

30-10-2025 50

Самарқанд шаҳрида 2025    йил 30    октябрдан 13    ноябргача ўтказилаётган БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНEСКО)нинг 43-сессияси    Ўзбекистон тарихида алоҳида ўрин тутади. Бу нафақат йирик халқаро анжуман, балки мамлакатимизнинг маданий дипломатия соҳасида қўлга киритган катта муваффақияти сифатида баҳоланмоқда. Ушбу сессиянинг    40 йилдан кейин Париждан ташқарида илк бор ўтказилишида Ўзбекистоннинг танланиши — халқаро ҳамжамият мамлакатимизнинг сўнгги йилларда амалга оширган ислоҳотлари, очиқлик сиёсати ва глобал маданий ҳамкорликка қўшаётган ҳиссасига юксак ишонч берилаётганлигидан далолат беради.

    Самарқанднинг танланиши бежиз эмас. Бу шаҳар нафақат Марказий Осиёнинг, балки    жаҳон тамаддунининг муҳим марказларидан бири бўлиб келган. Регистон майдони, Шаҳи Зинда мажмуаси, Мирзо Улуғбек расадхонаси    каби тарихий ёдгорликлар кўҳна шаҳарни ўзига хос илм-фан ва маданият бешигига айлантирган. Анжуман айнан мана шу тарихий муҳитда,    Шарқ ва Ғарб уйғунлигини мужассам этган шаҳар    фонида бўлиб ўтгани рамзий маънога ҳам эга. Зеро, ЮНEСКОнинг асосий мақсадларидан бири ҳам турли маданиятлар орасида ўзаро тушунишни кучайтириш, тинчлик ва тараққиётга ҳисса қўшишдир.

    Сессияда    193 дан ортиқ давлатдан 4 мингдан ортиқ делегат, давлат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар етакчилари, вазирлар ва элчилар, таниқли олимлар ва маданият арбобларининг иштироки Ўзбекистоннинг жаҳон сиёсий майдонида тутган ўрнининг тобора мустаҳкамланаётганини кўрсатди. Айниқса, Ўзбекистоннинг глобал маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, маданий-тарихий меросни сақлаш ва барқарор ривожланиш мақсадларидаги ҳиссасини халқаро миқёсда эътироф этилиши сессиянинг глобал аҳамиятини янада оширди.    

    Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Самарқанд сессияси доирасида нафақат сиёсий-стратегик муҳокамалар балки    маданий дастурлар ҳам кенг ўрин олган. Халқаро концертлар, кўргазмалар, ёшлар форуми, дарахт экиш акциялари, музейларда сунъий интеллект бўйича конференциялар    — буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг маданий уйғониш йўлида дадил қадам ташлаётганини кўрсатади. Айниқса, ёшлар иштирокидаги тадбирлар келажак авлодни жаҳон ҳамжамияти билан янада фаол интеграциялашувига хизмат қилади.

    ЮНEСКО сессияси Ўзбекистоннинг маданий сиёсатида янги босқични бошлаб берди десак, муболаға бўлмайди. Бугун мамлакатимиз ўз тарихий меросини сақлаш, уни дунё жамоатчилигига танитиш, халқаро илмий-маданий лойиҳаларда фаол иштирок этишга интилмоқда. Бу жараён    “Учинчи Ренессанс” ғояси билан узвий боғлиқ. Самарқанднинг ўзида ҳам тарихий мерос объектларини реставрация қилиш, туризмни ривожлантириш, қадимий ёдгорликларни сақлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда. Сессия ушбу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлиб хизмат қилди.

    Бундан ташқари, анжуман мамлакатимиз учун иқтисодий жиҳатдан ҳам катта имкониятлар яратади. Чунки йирик    халқаро тадбирлар туризмни ривожлантиради, инвестициялар оқимини оширади, бизнес алоқаларини кучайтиради.    Ўзбекистоннинг дунё саҳнасига чиқиши, юқори даражадаги дипломатлар ва экспертлар билан мулоқот қилиши иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликнинг янги уфқларини очади. Айниқса, Самарқанд сессиясидан сўнг кўплаб халқаро ташаббус ва лойиҳалар амалга оширилиши кутилмоқда.

    Шунингдек, сунъий интеллект соҳасидаги этика бўйича тадқиқотлар ва ишланмаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган    Беруний номидаги ЮНEСКО–Ўзбекистон халқаро мукофоти таъсис этилиши    Ўзбекистоннинг илм-фан ва маданият соҳасидаги ролини оширишга хизмат қилади. Бу мукофот дунё миқёсидаги илмий инновацияларни рағбатлантириш билан бирга, буюк алломалар меросини замонавий илм-фан билан уйғунлаштиришга ҳам хизмат қилади. Бу орқали    Ўзбекистон Марказий Осиё илм-фан маконининг маркази    сифатида ўз мавқеини яна бир бор намоён этдади.

    Хулоса қилиб айтганда, ЮНEСКОнинг Самарқанддаги сессияси — бу нафақат бир конференция, балки Ўзбекистоннинг глобал майдондаги нуфузини оширган, маданий ва интеллектуал салоҳиятини дунёга намоён этган тарихий воқеадир. Бу форум мамлакатимизнинг халқаро билимлар алмашинуви, маданий интеграция ва    барқарор ривожланишга қўшаётган ҳиссасини янада мустаҳкамлайди. Шубҳасиз, ушбу сессия Ўзбекистон тарихида муҳим бурилиш нуқтаси бўлиб қолади ва    келажак авлодлар учун илҳом манбаи    вазифасини бажаради.

ИСКАНДАР Ўроқбоев    

Барқарор ривожланиш маркази эксперти