2026 йил 22 апрель куни Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида Барқарор ривожланиш маркази ҳамда Мисрдаги “Ал-Ҳивор” сиёсий ва медиа тадқиқотлар маркази (Ал Ҳеwар Cентер фор Политиcал анд Медиа Студиес) ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Мазкур ҳужжат икки мамлакат нодавлат ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, барқарор ривожланиш соҳасида ўзаро тажриба алмашишни кенгайтиришга қаратилган.
Тадбир доирасида Ўзбекистонда барқарор ривожланиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан ҳам махсус тақдимот ўтказилди. Унда мамлакатда “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Тадбир давомида таъкидланганидек, ушбу меморандум Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги дўстона муносабатларни илмий ва амалий ҳамкорлик орқали янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Шу билан бирга, у барқарор ва умумий келажакни таъминлашга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун муҳим асос яратади.
Учрашувда араб журналисти ва ёзувчиси Аҳмад Жасим Зубайдийнинг “Маънавият – Янги Ўзбекистоннинг Зуҳро юлдузи. Ислом — инсонийлик, билим ва маърифат фалсафаси”номли бадиий-публицистик асари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Асар, энг аввало, мамлакатда амалга оширилаётган диний-маънавий ва илмий-маърифий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини очиб беришга қаратилгани билан эътиборни тортади.
Муаллиф ўзининг таҳлилий-адабий ёндашуви орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган сиёсатнинг фалсафий негизларини ёритишга алоҳида эътибор қаратади. Ушбу сиёсат марказида инсон қадрини улуғлаш, маънавий камолотни таъминлаш ва маърифатпарварлик ғояларини қарор топтириш каби устувор йўналишлар тургани асар давомида изчил таҳлил этилади.
Қайд этиш лозимки, мазкур асар Янги Ўзбекистонда шаклланаётган маънавий тараққиёт модели, унинг фалсафий асослари ва амалий ифодаларини чуқур англашга ҳамда араб дунёсида Ўзбекистонни танитишда холис хизмат қилувчи муҳим манбалардан бири сифатида эътироф этиш мумкин.
Бу эса халқ дипломатияси тобора ривожланаётганини, давлатлар ўртасидаги муносабатлар энди нафақат расмий даражада, балки илмий ва жамоатчилик мулоқоти орқали ҳам мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Шунингдек, имзоланган меморандум доирасида икки ташкилот ўртасида илмий, таҳлилий ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш, барқарор ривожланиш бўйича тажриба алмашиш ҳамда минтақадаги долзарб муаммоларга биргаликда ечимлар ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Ҳамкорлик қуйидаги асосий йўналишларни қамраб олади:
— барқарор ривожланиш бўйича илмий тадқиқотлар ва таҳлилий лойиҳаларни амалга ошириш;
— иқлим ўзгариши, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, “яшил иқтисодиёт” ва экологик барқарорлик мавзуларида қўшма конференция ва семинарлар ташкил этиш;
— ахборот-таҳлилий материаллар, илмий нашрлар ва медиа муҳитни ўрганиш;
— сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий жараёнларни таҳлил қилиш;
— халқаро муносабатлар, минтақавий хавфсизлик ва геосиёсий жараёнлар бўйича тадқиқотлар олиб бориш.
Имзолаш маросимида томонлар Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланаётганини таъкидлаб, минтақанинг келажаги барқарор тараққиёт ва ўзаро ишонч асосида қурилиши зарурлигини қайд этдилар.
Мисрнинг “Ал-Ҳивор” жамғармаси васийлар кенгаши раиси ўринбосари Муҳаммад Абдел Муним Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш йўналишидаги ташаббусларини юқори баҳолаб, келгусида қўшма лойиҳалар орқали глобал барқарорликка ҳисса қўшиш ниятини билдирди. Унинг таъкидлашича, мазкур меморандум нафақат икки ташкилот, балки бутун минтақадаги илмий ҳамжамият учун ҳам янги ҳамкорлик имкониятларини очади.
Умуман олганда, ушбу меморандумнинг имзоланиши фуқаролик жамияти ва илмий доиралар фаол иштироки билан амалга оширилган янги босқич бўлиб, Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётгани ва халқ дипломатияси амалда тобора кучайиб бораётганининг яққол ифодасидир.