Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Барқарор ривожланиш мақсадлари ва Янги Ўзбекистон стратегик мақсадларининг ҳамоҳанглиги

19-11-2026 6

    2026 йил 19 ноябрь куни Барқарор ривожланиш маркази Тошкент вилояти бўлинмаси ҳамда Халқ депутатлари Бўка тумани Кенгаши ҳамкорлигида    «Барқарор ривожланиш мақсадлари ва Янги Ўзбекистон стратегик мақсадларининг ҳамоҳанглиги»    мавзусида ўқув семинари ташкил этилди.

    «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили»    шиори остида Бўка тумани ҳокимлиги биносида ўтказилган тадбирда маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳокимлик масъуллари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат жами 30 нафар иштирокчи қатнашди.

    Семинарнинг асосий мақсади    — Янги Ўзбекистон тараққиётига қаратилган ислоҳотлар ҳамда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) кенг жамоатчиликка етказиш, хусусан, болалар, ёшлар, хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар билан манзилли ишлаш механизмларини маҳаллий депутатлар билан биргаликда кўриб чиқишдан иборат бўлди.

    Тадбирда сўзга чиққан маърузачилар қуйидаги муҳим жиҳатларга тўхталдилар:

·                        Абдуманноп Туляганов    (Барқарор ривожланиш маркази Тошкент вилояти бўлинмаси раҳбари) БРМнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлардаги аҳамияти ҳақида маъруза қилди. У Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги 841-сон қарори билан тасдиқланган 2030 йилгача бўлган 16 та миллий мақсад ва вазифаларга тўхталиб, уларнинг Бўка туманидаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар билан узвий боғлиқлигини таҳлил қилди.

·                        Шодиёр Азизов    (Барқарор ривожланиш маркази эксперти) миллий мақсадларга эришишда маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда маҳалла фаолларининг ўрни беқиёс эканини қайд этди. Эксперт аҳоли билан бевосита ишлашда депутатлик назорати ва ташаббускорлигини янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

    Мунозара ва амалий таклифлар

    Семинар қизғин савол-жавоб ва муҳокамалар руҳида ўтди. Хусусан, Бобур сайлов округидан Экологик партия депутати кўзланган мақсадларга эришиш учун аҳоли, айниқса ёшлар орасида маънавий-маърифий тарғибот ишларини устувор вазифа сифатида кучайтириш таклифини билдирди. «Адолат» СДП депутати эса қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича маҳаллий Кенгашдан тўғридан-тўғри таклиф киритиш тартиби юзасидан ўз саволларига атрофлича жавоб олди.

    Тадбир давомида депутатлар ўртасида «Бўка тумани учун БРМнинг қайси йўналиши (ижтимоий, иқтисодий ёки экологик) энг долзарб ҳисобланади?» деган савол юзасидан сўров ўтказилди. Иштирокчилар бир овоздан ижтимоий йўналиш туман учун энг устувор эканини таъкидлаб, келгусидаги асосий фаолиятни айнан шу соҳага қаратишга келишиб олдилар.

    Учрашув якунида Марказ вакиллари томонидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар ва зарур ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

    Барқарор ривожланиш маркази    

    Тошкент вилояти бўлинмаси