Тошкент, 24 ноябрь 2025 йил — Барқарор ривожланиш маркази эксперти Тошкент шаҳар маҳалла раислари учун Барқарор ривожланиш мақсадлари ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларни самарали амалга оширишда “маҳалла еттилиги” тизимининг ўрни ва аҳамиятига бағишланган илмий-амалий семинар ташкил этилди.
Тадбирда марказ эксперти Авазбек Халбеков маҳалланинг замонавий бошқарув тизимидаги вазифалари, аҳоли билан мулоқотни кучайтириш усуллари ва жойларда ижтимоий лойиҳаларни самарали амалга оширишга қаратилган янги ёндашувлар юзасидан маълумотлар тақдим этди.
Эксперт таъкидлаганидек, маҳалла институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали аҳолининг давлат органларига ишончини ошириш, ижтимоий муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлашда манзилли ёндашувларни мустаҳкамлаш мумкин.
Семинарда шунингдек, “маҳалла еттилиги” тизимининг аҳоли билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиш, ижтимоий шерикликни кенгайтириш ва маҳаллада мавжуд ресурслардан самарали фойдаланишдаги аҳамияти муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, маҳалла институти ҳудудларни барқарор ривожлантириш, маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва жамоатчилик бирдамлигини мустаҳкамлашда муҳим омил ҳисобланади.
Якуний қисмида иштирокчилар маҳалла тизимини такомиллаштириш, аҳолининг фаол иштирокини ошириш ҳамда жамоатчилик назорати ва ҳамкорлигини кенгайтиришга оид саволларига жавоб олдилар.