Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Барқарор ривожланиш мақсадлари: Ўзбекистон ва халқаро тажриба

26-02-2026 68

    2026 йил 26 февраль куни Oxbridge мактаби ўқувчилари учун Барқарор ривожланиш маркази мутахассислари иштирокида “Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ): Ўзбекистон ва халқаро тажриба” мавзусида очиқ ва интерактив учрашув ташкил этилди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — ёшларни БМТ томонидан қабул қилинган 17 та Барқарор ривожланиш мақсадлари билан яқиндан таништириш ҳамда уларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришдан иборат бўлди.

        Дарс давомида ўқувчилар барқарор ривожланишнинг бугунги ва келажак авлодлар ҳаётидаги ўрни, иқлим ўзгариши, қашшоқлик ва тенгсизлик каби глобал муаммоларнинг ўзаро боғлиқлиги ҳақида фикр юритдилар. Шунингдек, тинчлик ва адолатга асосланган жамиятни барпо этиш аввало инсонлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, мулоқот маданияти ва бағрикенгликдан бошланиши алоҳида таъкидланди.

        Мулоқот жараёнида ёшлар барқарорликка ҳисса қўшишнинг амалий усуллари ҳақида таклифлар билдирдилар. Улар кўнгиллилик фаолияти, ижтимоий ташаббуслар ва атроф-муҳитни асрашга қаратилган лойиҳалар орқали жамиятга фойда келтириш мумкинлигини муҳокама қилдилар. Дарс жонли савол-жавоблар ва қизғин мунозаралар руҳида ўтди.

        Ўқувчилар ўз мактаби ва шаҳар муҳитини янада барқарор қилиш бўйича аниқ ғоялар илгари сурдилар: кўчат экишни кўпайтириш, сув ва энергия ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш, чиқиндиларни саралаб ташлаш, кексаларга ҳурмат ва эътибор кўрсатиш каби ташаббуслар шулар жумласидандир.

        Тадбир якунида таъкидланганидек, Барқарор ривожланиш мақсадлари — бу фақат халқаро даражадаги сиёсий ҳужжат эмас, балки ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётидаги масъулиятидир. Ёшлар ушбу қадриятларни эрта англаб, амалда қўллай бошласалар, жамиятда ижобий ўзгаришларга эришиш имконияти янада ортади.

        Oxbridge мактаби ва Барқарор ривожланиш маркази ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши эса ўқувчилар онгида барқарор ва масъулиятли келажак тамойилларини шакллантиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.